Валюта курслари 21/11/2024
$1 – 12855.93
UZS – 0.09%
€1 – 13570.72
UZS – 0.15%
₽1 – 128.16
UZS – -0.11%
Қидириш
Иқтисод 18/01/2023 Биоёнилғидан фойдаланиш атроф-муҳит учун қанчалик фойдали?
Биоёнилғидан фойдаланиш атроф-муҳит учун қанчалик фойдали?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари Ўзбекистонда озиқ-овқат чиқиндиларидан биоёнилғи ишлаб чиқариш имкониятлари ва униг атроф-муҳит учун фойдали жиҳатларини ўрганди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 36 миллион нафардан ортиқ киши истиқомат қилаяпти ва бу кўрсаткич кун сайин ортиб бормоқда. Мамлакатда бир кишига йилига ўртача 91 кг озиқ-овқат чиқиндиси тўғри келади. Бу эса мамлакат миқёсида бир йилда 3,2 миллион тонна атрофида озиқ-овқат чиқиндиси ҳосил бўлишини англатади. 

Озиқ-овқат чиқиндиларининг ҳосил бўлиши таҳлил қилинганда, унинг 32 фоизи етиштириш жараёнида, 33 фоизи сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида, 13 фоизи ташиш жараёнида, 22 фоизи истеъмол жараёнида юзага келиши маълум бўлди. 

Агар мазкур чиқиндиларидан биоёнилғи ишлаб чиқарилса, бир вақтнинг ўзида иккита муаммони ҳал этиш мумкин.

Биринчиси, бу утилизация муаммоси бўлса, иккинчиси, тобора ортиб бораёрган энергия ресурсларига бўлган талабни қондириш. 

Ўзбекистонда бир йил давомида ҳосил бўладиган чиқиндилар биоёнилғига айлантирилса 1,11 миллиард литр биоэтанол ёки 1,02 миллиард литр биодизель ишлаб чиқариш мумкин. 

Айни чоғда дунёнинг қатор мамлакатларида биоёнилғини ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган. Масалан, 2021 йилда АҚШда 56,8 миллиард литр, Бразилияда 33,1 миллиард литр, Ҳиндистонда 3,1 миллиард литр биоэтанол, Европа Иттифоқи мамлакатларида эса 16,8 миллиард литр биодизель ёнилғиси ишлаб чиқарилган.

Кўпгина йирик автомобилсозлик компаниялари биоёнилғида ҳаракатланувчи моделларига эга. Ушбу технология қўлланилмаган автомобиллар эса махсус қурилмани ўрнатиш орқали биоёнилғидан фойдаланиши мумкин.

Агар Ўзбекистондаги барча автотранспорт воситалари Е85 маркали биоэтанолдан фойдаланганида ҳавога ажралиб чиқувчи CО2 миқдори 1,2 миллион тоннага, яъни 30 фоизга, Е100 маркали биоэтанолдан фойдаланганида эса 1,4 миллион тоннага, яъни 35 фоизга қисқарарди. 

Шу ўринда битта қиёсий мисолни келтириб ўтиш жоиз. Битта дарахт йилига ўртача 25 кг CО2 ни зарарсизлантириш имкониятига эга. Демак, Е85 ва Е100 маркали биоэтанолдан фойдаланишнинг самараси мос равишда 48 ҳамда 56 миллион туп дарахт келтирадиган фойдага тенг.

Озиқ-овқат чиқиндиларидан биоёнилғи ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг муайян параметрларини, шунингдек, атмосферага зарарли газларни чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича халқаро мажбуриятни бажаришда ёрдам беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг