BBC ўзининг янги дастурида ўзбек ошхонаси сирларини очиб бермоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “BBC News” сайтида 1 март куни эфирга узатиладиган Ўзбекистонга бағишланган “Discovering the World's Table” кўрсатувининг анонси эълон қилинди.
Гастрономик туризм ишқибозлари учун бу Ўзбекистоннинг ошпазлик хазиналари ҳақида билиш ва, эҳтимол, юртимизнинг бетакрор маданияти ҳамда анъаналари билан шахсан танишиш учун саёҳатга чиқиш имкониятидир.
Кўрсатувда ошпаз-ёзувчи Ник Квекис Буюк Ипак йўлининг бой меросига эга, жадал ўзгараётган ва ривожланаётган Ўзбекистон бўйлаб гастрономик саёҳатга чиқади. Дастур нафақат ноёб пазандалик анъаналарини, балки мамлакат тарихи ва маданиятининг маҳаллий ошхонага қандай таъсир кўрсатганини ҳам очиб беради.
Ўзбек таомларини жаҳон миқёсида тақдим этаётган замонавий ошпазларга алоҳида эътибор қаратилган. Томошабинлар самарқандлик новвойларнинг маҳоратини кўришлари ва дунёдаги энг машҳур навлардан бирига айланган турли хил қовунлар ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.