Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 24/10/2024 Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш контекстида аҳолининг соф энергиядан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш бўйича эришилган натижалар

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш контекстида аҳолининг соф энергиядан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш бўйича эришилган натижалар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ 7) га эришиш контекстида аҳолининг соф энергиядан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш бўйича эришилган натижаларни баҳолади. 

Ижобий ўзгаришларни баҳолашда индекслар (SDG) ва рейтинг кўрсаткичлари қўлланилди. Улар эришилган натижаларни дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичлар билан қиёслаш имконини беради.

Тадқиқот соф энергия билан таъминлаш тенденцияларини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар таҳлилига асосланган: электр энергиясидан фойдаланувчи аҳоли улушидаги ўзгаришлар, соф ёқилғи ва технологияларидан фойдаланувчи аҳоли улушидаги ўзгаришлар, қайта тикланувчи энергия манбалари улуши, энергия самарадорлиги, углерод сиғими ва бошқалар.

Маълумот учун: таҳлил этилаётган мамлакатлар (180 дан ортиқ) балл қийматларига боғлиқ равишда БРМга эришиш бўйича 3 гуруҳга бўлинди: 1-гуруҳ (юқори даража) – 85 баллдан 100 баллгача, 2-гуруҳ (ўртача/мўътадил юқори даража) – 56 баллдан 85 баллгача, 3-гуруҳ (паст даража) – 22 баллдан 55 баллгача.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон 68,5 балл тўплаган ҳолда (жаҳон миқёсидаги ўртача даража – 64,2 балл) соф энергиядан фойдаланиш даражаси ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар гуруҳидан жой олди.

Ўзбекистоннинг жаҳон рейтингидаги ўрни кўп жиҳатдан аҳолини электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш бўйича чора-тадбирларнинг, энергия самарадорлиги ўсишининг ҳамда энергия таъминоти тизимига киритилган инвестицияларнинг сезиларли даражада ошишинг натижаси бўлди.

Аҳоли: Аҳолини электр энергияси билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Сўнгги 5 йил ичида электр таъминотидаги узилишлар давомийлиги 3 баробар қисқарди. Агар 2018-йилгача электр таъминотида давомийлиги 6 ва ундан ортиқ соат бўлган узилиш ҳолатлари кузатилган бўлса, бугунги кунда узилишлар сони қисқариши билан бирга, 10 дақиқадан 2 соатгача давом этадиган қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда.

Энергия самарадорлиги: 2018–2023 йилларда иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги, кўп жиҳатдан қайта тикланувчи энергия манбаларини фаол ишга тушириш ҳисобига, йилига ўртача 5-6 фоизга яхшиланди. 2023-йилда қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қуввати 2018-йил даражасидан 49 фоизга ошди. Сўнгги уч йил ичида соф энергия ишлаб чиқариш 1,5 баробар ошди, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг умумий таркибида соф энергиянинг улуши 7,1 фоиздан 9,7 фоизгача ўсди.

Инвестициялар: Қайта тикланувчи энергия манбаларига оид технологияларнинг кенг спектрига ва электрлаштириш дастурларига инвестиция оқимлари сезиларли даражада ўзгарди. Иқтисодиётнинг асосий капиталига инвестицияларнинг умумий ҳажмида энергия таъминоти тизимига киритилган инвестициялар улуши 5,3 фоиздан (2020) 12,2 фоизга (2023), мутлақ ҳисобда эса 2,3 баравардан кўпроққа ошди. Натижада 2023-йилда мамлакатнинг умумий энергетика қуввати 2018-йил билан таққослаганда 1,3 баравар ошди. Бу омиллар ишлаб чиқариш салоҳиятининг ошишига, аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш имкониятлари кенгайишига хизмат қилди.

Аҳолининг соф энергиядан фойдаланишида кузатилаётган ютуқлар республика электр энергияси истеъмоли таркибида ижобий ўзгаришлар билан бирга сезилди. 2018–2023 йилларда аҳоли томонидан электр энергияси истеъмоли мутлақ ифодада 31,2 фоизга ошди. Аҳолининг умумий истеъмол таркибидаги улуши эса 21,7 фоиздан 23 фоизга ошди.

Ўсиб бораётган аҳолини барқарор энергия билан таъминлаш ва Ўзбекистоннинг тоза энергиядан юқори даражада фойдаланиш имкониятига эга давлатлар гуруҳига қўшилиши амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда устувор аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Ушбу вазифаларни ҳал этиш қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланишни янада рағбатлантириш ва энергия салоҳиятини ривожлантириш бўйича мутаносиб сиёсатни амалга оширишни талаб этади.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг