Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 07/06/2017 Барча университетларда «Ҳаракатлар стратегияси» хонаси очилади
Барча университетларда «Ҳаракатлар стратегияси» хонаси очилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этган муҳим ҳужжатга айланди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида "Ҳаракатлар стратегияси" хонасининг очилиши маросимида шу ҳақда сўз юритилди. «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Университет ректори Б.Ҳодиев, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишга қаратилганини таъкидлади. Бу давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш, мамлакатимизни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга кенг йўл очаётир.

Ҳаракатлар стратегиясида таълим сифатини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу борада Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ҳам амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёшларнинг билим ва иқтидорини чуқурлаштириш, уларнинг келгусида миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантиришдаги иштирокини таъминлаш мақсадида таълим жараёнига замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Талабаларнинг «Ёш олимлар» кенгаши фаолият юритаётир. Халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда.

Университетда «Ҳаракатлар стратегияси» хонаси иш бошлагани ёшларнинг жамиятимизда бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёндаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади. Барча қулайликларга эга, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган мазкур хонада Ҳаракатлар стратегияси мақсад ва вазифалари, бу жараёнда ёшларнинг ўрнига бағишланган кўргазмали материаллар жой олган.

Бошқа олий ўқув юртларида ҳам очилиши кўзда тутилаётган «Ҳаракатлар стратегияси» хонаси Ҳаракатлар стратегиясининг кўнгиллилар гуруҳларига иқтидорли талабаларни фаол жалб қилиш, шу йўналишдаги тадбирларни ўтказиш, таълим ва ёшларга оид лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ёшлар ўртасида турли акциялар ўтказиш каби ишларни амалга ошириш марказига айланади.

Тадбир доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг