Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Барча телеканалларда ҳар куни уч марта бадантарбияга оид видеороликлар намойиш этилади. Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 10 февралдан барча телеканалларда ҳар куни уч марта 3-5 дақиқали оммавий бадантарбия машғулотлари видеороликлари намойиш этилади. Қарор билан Аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларини қабул қилиш ва мусобақаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, “Алпомиш” тестлари эркаклар учун, “Барчиной” тестлари аёллар учун қўлланилади. Махсус тестлар бўйича мусобақаларда 6 ёш ва ундан катта ёшдаги барча фуқаролар иштирок этиши мумкин. Мусобақалар югуриш, арқонда сакраш, турникда тортилиш, узунликка сакраш ва бошқа бир қатор спорт турлари бўйича ўтказилади. Мусобақа ғолиблари “Алпомиш” ва “Барчиной” кўкрак нишонлари ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистонда спортнинг оммавийлигини янада ошириш мақсадида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур доирасида ҳар бир таълим муассасасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари билан шуғулланиш учун спорт тўгараклари ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий спорт турлари бўйича кадрлар захираси тайёрланади ҳамда спортчилар, тренер ва ҳакамлар тиббий диспансер назоратидан ўтказилади ва ҳар 6 ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади.
“Ўзбекистоннинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари тарғиботчиси” номинацияси таъсис этилади. Спортнинг ўйин турлари бўйича “Аёллар спорти” ва “Соғлом оила” фестиваллари ўтказилади. Бу хақда адлия вазирлигининг “Хуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.