Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 14/04/2016 BANKЕXPO-2016 миллий кўргазмаси ўз ишини бошлади
BANKЕXPO-2016 миллий кўргазмаси ўз ишини бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари IХ йиллик BANKЕXPO-2016 миллий кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кўргазманинг асосий ташкилотчиси бўлиб, унга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси ҳамда Ахборот технологиялари ассоциацияси ҳамкорлик қилмоқда.

Мазкур кўргазма Муҳтарам Президентимизнинг 2015 йил 6 майидаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури, Инвестиция дастури ҳамда Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги белгиланган вазифалар доирасида ўтказилмоқда

Кўргазма мижозларни кредитлаш шартлари, механизмлари ва бошқа банк-молиявий хизматлар кўрсатиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси билан яқиндан таништиришда, пировардида мижозларнинг банкларга бўлган муносабатини шакллантириш, ишончини мустаҳкамлаш ва кредит ташкилотлари фаолияти самарадорлигини яхшилашда беқиёс ўрин тутади.

Мамлакатимиз банк тизимининг барқарор ривожланиб бораётгани нуфузли халқаро рейтинг компаниялари томонидан ҳам тасдиқланмоқда. Жаҳонда катта нуфузга эга бўлган “Мудис” халқаро рейтинг агентлиги томонидан кетма-кет олтинчи бор республикамиз банк тизимининг ривожланиш истиқболларига “БАРҚАРОР” рейтинг баҳоси берилди.

“Стандарт энд Пурс” агентлиги ҳам мамлакатимиз банк тизимини ижобий баҳолаб, рейтингини юқори поғонага кўтарди. Мамлакат банк тизимининг барқарор ривожланаётганлиги “Фитчс рейтингс” агентлиги томонидан ҳам эътироф этилди.

Таъкилдаш жоизки, Халқаро Молия корпорацияси ва Жаҳон банкининг (Doing business Ўзбекистон )2016 йилги ҳисоботида кредит ахборот алмашинуви индекси кўрсаткичи бўйича мавжуд 8 балли тизимда 7 баллга эришди. Бу Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланишга аъзо баъзи давлатларга берилган кўрсаткичдан ҳам юқордир. Унга кўра Ўзбекистон кредитлаш тизими бўйича дунёнинг 189 та давлати орасида охирги уч йил ичида 112 поғона юқорига кўтарилди. Бу мамлакатимиз тадбиркорлар, ёшлар ва фермерлар учун қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилганлаётгани тасдиқдир.

Кўргазмада мамлакатимизнинг барча тижорат банклари, нобанк кредит ташкилотлари, етакчи суғурта компаниялари, лизинг компаниялари ҳамда ахборот технологиялари компаниялари ҳам ўз маҳсулотлари ва хизматлари тўғрисидаги маълумотлар билан иштирок этмоқда.

Кўргазмада бугунги кунда кичик бизнесни, хусусан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда банк тизими билан кенг ҳамкорлик қилиб келаётган республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тадбиркор аёл” ва “Ҳунарманд” уюшмалар ҳамда бошқа бир қатор манфаатдор ташкилотлар ҳам қатнашмоқда.

Жорий йилда ўтказилаётган кўргазманинг асосий йўналиши кичик тадбиркорлик субъектлари, оилавий бизнес, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган таълим муассасалари битирувчиларига таклиф этилаётган банк хизматлари юзасидан кўпроқ маълумот ва тавсиялар беришга қаратилмоқда.

Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг банк-молия тизими янгиликларига бўлган қизиқишлари тобора ортиб бормоқда ва бу ҳол уларнинг кўргазма доирасида ўтказилаётган барча тадбирларда фаол иштирокида акс этмоқда.

Кўргазмага доирасида банклар меҳмонларга янги хизматлар, хусусан янги кредит ва депозит маҳсулотлари, умуман ўз фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи тақдимот маросимларини ўтказадилар. IT компаниялари вакиллари томонидан банк маркетингининг янги йўналишлари мижозлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни такомиллаштиришнинг янги услубларига бағишларган семинарлар уюштирилади.

Бундан ташқари, “Банк тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёз ва қулайликлар” мавзуида ишбилармонрлар билан очиқ мулоқот ўтказиш режалаштирилган.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимиз банклари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка молиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратиш, айниқса таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини рағбатлантириш, умуман мустақил ҳаётда ўз ўринларини топиш ва ўз бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўмак бериб келмоқда.

Кўргазма давомида, тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, тадбиркор аёл, деҳқон ва фермер хўжаликлари, эндигина иш бошлаётган ёш тадбиркорларнинг иш билан бандликни таъминлаш кўзда тутилган лойиҳалари бўйича ўтказиладиган танловлар ғолибларига имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи 500 дан ортиқ сертификатлар топшириш маросимини ўтказиш режалаштирилган.

Кўргазмада тадбиркорлик субъектлари вакиллари, салоҳиятли мижозлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олиши, ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун барча шароит яратилган.

Буларнинг барчаси банк тизимининг “МИЖОЗ БАНК УЧУН ЭМАС, БАНК МИЖОЗ УЧУН” тамойилига тўлиқ амал қилаётгани далолат беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг