Президентимиз халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига доимий эътибор қаратмоқда. Ҳудудларнинг бу борадаги имкониятларини оқилона ишга солиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми оширилмоқда.
“Бухоробалиқсаноат” томонидан ташкил этилган балиқ етиштириш ва уни қайта ишлаш лойиҳаси аҳолини ушбу тансиқ маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилади. Бу халқимиз рационини кенгайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга гўшт нархини арзонлаштириш имконини беради.
Қўшимча ер ажратилиши ва замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида корхона қуввати янада кенгаяди. Чавоқ етиштириш, балиқ гўштини дудлаш, озуқа ишлаб чиқариш, соҳадаги хўжаликларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Йигирмадан ортиқ иш ўрни яратилади.
Президентимиз Бухорода табиий кўллар кўплиги, уларда балиқ етиштиришни янада кўпайтириш мумкинлигини таъкидлади. Бухоро вилоятида бу соҳани ривожлантиришга яна 100 миллиард сўм ажратиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар қилди.