Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида зиёрат шароитлари кенгайтирилади
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифини, анъанадагидек, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.
Қуръон оятлари тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.
Диний уламо билан суҳбатда ёшлар таълим-тарбияси, ислом маърифати ҳақида сўз борди. Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, бандлигига кўмаклашиш, муҳтож оилаларни алоҳида меҳр-эътиборга олиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу ерда мажмуа атрофида режалаштирилаётган қурилиш-таъмирлаш лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлакни тиклаш, Дониёлбий мадрасасини таъмирлаш, таҳоратхона ва музей барпо этиш кабилар мўлжалланмоқда.
Давлатимиз раҳбари зиёрат туризми учун шароитларни кенгайтириш, хориждан Бухорога тўғридан-тўғри қатновлар ва меҳмонхона ташкил этиш, қабристонни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.