Бугун, 16 ноябрда Тошкентда Бағрикенглик ҳафталиги доирасида миллатимизнинг тимсоли, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланган Шоахмад Шомахмудовлар оиласи монументи пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, мутасаддилари, миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятлари раислари ҳамда фаоллари, спортчилар, пойтахт жамоатчилиги, ёшлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Бағрикенглик ҳафталигини ўтказиш юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги томонидан жаҳон ҳамжамияти билан дўстона алоқаларни кучайтириш, халқаро ҳамкорликни ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш каби муҳим вазифалар белгилаб олинган. Ўз навбатида, умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, халқлар ўртасида самимий дўстлик ришталарини боғлаш Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори ва имижи ошишига, юртимизда инсонпарварликнинг кучайишига ҳамда маданий-маънавий муносабатларнинг халқаро миқёсда кенгайишига хизмат қилади.
«Мамлакатимизда ҳар бир фуқаро ўз эртанги кунига қайғурмаслиги учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида тамалтош вазифасини бажаришини бир неча маротаба таъкидлаганининг гувоҳимиз. Бағрикенглик кунини мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўпгина миллатлар ўртасидаги ўзаро ҳурматнинг ўзига хос ифодаси сифатида қабул қилишимиз мумкин. Шомахмудовлар оиласи ҳайкали пойига гул қўйиш энг қадрли жиҳатларимизнинг акс эттирувчи муҳим тадбир ҳисобланади» - деди Ўзбекистондаги Рус миллий-маданий маркази раиси ўринбосари Татьяна Алимходжаева.
Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида ўн беш миллат фарзандининг бошини силаган Шоахмат Шомахмудовлар оиласи шарафига Халқлар дўстлиги монументи ўрнатилган.
Бугун Ўзбекистон бағрикенглик тамойилларини ўзида мужассам этган давлат сифатида бутун дунёга намуна бўла олади. Айтишимиз мумкинки, Ўзбекистоннинг кўп асрлик тажрибаси ўзбек халқига хос бўлиб, бу Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Тарихнинг турли таҳликали даврларида юртимиз бошига мусибатли кунлар тушди. Йигирманчи асрда мустабид тузумнинг 37-йил қатағони ва Иккинчи жаҳон уруши даврида ўз юртидан мажбуран кўчирилган, бадарға қилинган элат ва миллат вакилларига халқимиз бағрини очди, меҳр кўрсатди. Энг оғир дамда уларга ёрдам қўлини чўзиб, бир бурда нонини баҳам кўрди. Корейслар, немислар, турклар, поляклар, греклар, қрим-татарлар бу бағрикенг заминда ўзининг иккинчи ватанини топди. Иккинчи Жаҳон уруши даврида фронтнинг энг қайноқ нуқталаридан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 1,5 миллиондан ортиқ ҳимоясиз кексалар, аёллар, очлик ва ўлимдан қутқариб қолинди. Уларнинг 300дан ортиғи Беларус, Польша, Украина ҳамда блокада қилинган Ленинград шаҳридан олиб келинган етим болалардир.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда барча фуқароларни қайси миллатга мансублигидан қатъий назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминлаш ҳамда миллатлараро тотувлик ва жамиятда ўзаро аҳилчилик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида 15-21 ноябрь кунлари Ўзбекистонда “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда. Мазкур ҳафталик “Ўзбекистон – бағрикенг замин” шиори остида ташкил этиладиган турли маданий-таърифий тадбирлардан иборат бўлади.