Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 13/11/2024 БААнинг “Масдар” компанияси Ўзбекистонда 1000 мегаватт қувватли шамол электр стансиясини қуради

БААнинг “Масдар” компанияси Ўзбекистонда 1000 мегаватт қувватли шамол электр стансиясини қуради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган CОП-29 анжумани доирасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси ўртасида Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди.

Мазкур электр станция қурилиш жараёнида 600-800 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 3,5 млрд кВт⋅соат электр энергиясини ишлаб чиқариш, 1 млрд куб метр табиий газ захиралари тежалади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон учун нафақат иқтисодий фойда, балки атроф-муҳит ҳимояси учун ҳам катта аҳамиятга эга. Мазкур шамол электр станциясини қуриш орқали атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни йилига 1,4 млн тоннага камайтиришга эришилади.

Ушбу шамол электр станцияси ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб, у Ўзбекистонга энергетика хавфсизлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлаш имкониятини беради.

БААнинг “Уч баравар кўп қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш” ташаббуси билан биргаликда, биз ҳам дунё миқёсида иқлим ўзгаришига қарши курашишга қаратилган ҳаракатларга қўшиламиз. Ўзбекистон, ўз навбатида, Париж шартномаси мақсадларини қўллаб-қувватлайди ва қайта тикланувчи энергия соҳасидаги глобал ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган.

“Масдар” компанияси Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Компания билан умумий қуввати 1497 МВтга тенг бўлган лойиҳалар – Зарафшон шамол электр станцияси (500 МВт) ва Кармана (100 МВт), Ғаллаорол (220 МВт), Каттақўрғон(220 МВт) ва Шеробод (457 МВт) туманларидаги қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилган ҳамда Олот (250 МВт), Ғузор (300 МВт) каби йирик лойиҳалар доирасида ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу электр станциялар Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг