Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 14/12/2023 Автомобилсозликни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди
Автомобилсозликни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида бу саноат тармоқлари изчил модернизация қилинмоқда. Логистикадаги қийинчиликларга қарамасдан, сўнгги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш 3 баробар кўпайиб, жорий йил якунида 415 минг донага етиши кутилмоқда. Соҳада давлат монополиясини йўқ қилиш ва рақобатни ривожлантириш мақсадида 3 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилди. Бугун юртимиздаги 8 та заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташиш транспортлари, қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, бу соҳада 2 мингдан зиёд корхона яхлит кооперация тармоғига боғланди ва 50 фоиз маҳаллийлаштириш таъминланди.

Шу билан бирга, бозорда талаб ҳали ҳам юқори. Ҳам ташқи, ҳам ички бозорда автозаводлар ўртасида рақобат кучаймоқда. Энди “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ҳам маҳсулотлар моделини кенгайтириб, сифатини яхшилаш, таннархни камайтириб, рақобат муҳитида ишлашга ўтиши зарур.

Тақдимотда шу борадаги чора-тадбирлар, тармоқ олдидаги вазифалар муҳокама қилинди. 

Хусусан, мамлакатимизда енгил автомобиль ишлаб чиқаришни 2030 йилгача 1 миллион донага етказиш мақсад қилинган. Йиғилишда бу борада 2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. 

Давлатимиз раҳбари “Ўзавтосаноат”ни трансформация қилишни жадаллаштириш, харажатларни камайтириш лозимлигини таъкидлади.

Маълумки, бугунги кунда жаҳондаги етакчи автозаводлар электромобил ишлаб чиқаришга ўтмоқда. Мамлакатимиз саноатчилари ҳам тезроқ бу йўналишни ўзлаштириб, замон талабига мослашмаса, келгусида бозорда ўрин топиши янада қийин бўлади.

Бу борада илк лойиҳалар бошланган. Келгуси йилда шундай завод ишга туширилиб, 10 мингта электромобил ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Президентимиз бу йўналишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаб, тармоқ корхоналарида электромобиллар учун бутловчи қисмлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида бу йил 3 минг 500 донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилган. 2030 йилгача бу миқдорни йилига 16 минг донага етказиш мўлжалланган.

Бу йил Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери ташкил этилди. У йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин, уларни сотиш тизими замон талабларига мос келмаяпти.

Шу боис маҳаллий техника харидини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, кластер ва фермерларни жалб этиб, бу борада буюртмалар шакллантириш зарурлиги таъкидланди ва қўшимча чоралар белгиланди. Миллий тракторни маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга, осма техника ва тиркамаларни ўртача 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг