Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) ходимлари экологик цемент-бетон автомобиль йўллари қурилишининг ҳолати, истиқболлари ва янада ривожлантириш йўналишларини ўрганиб чиқди.
Глобал экологик муаммолар фонида сўнгги йилларнинг асосий тенденциялари орасида "яшил" қурилиш (Green Сonstruction, Green Buildings) га ўтиш – бино ва иншоотларни режалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш концепцияси бўлиб, мақсади объектнинг ҳаётий цикли давомида ресурсларни истеъмол қилиш даражасини минималлаштиришдир.
Трансконтинентал савдони рағбатлантириш ва ривожлантиришда Ўзбекистоннинг роли тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Мамлакат халқаро транзит юк ташишнинг муҳим марказига айланди. Унинг ҳудудидан 20 га яқин халқаро йўналишлар ўтади. Автомобиль йўлларини янада ривожлантириш ва сифатини яхшилашнинг долзарблиги, шунингдек, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида саноатнинг роли ортиб бораётгани, ишлаб чиқариш соҳаси ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини ишончли ва қулай транспорт тармоғи билан таъминлаш заруратига боғлиқ.
Автомобиль йўлларини ривожлантириш ва фойдаланиш. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда саноатнинг иқтисодий ривожланишига оид ҳисоб-китоблар, шунингдек, нуфузли хорижий экспертларнинг ҳисоб-китоблари республикада автомобиль транспортида юк айланмаси сезиларли даражада ошишини прогноз қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.M. Мирзиёев шу йилнинг 28 сентябрь куни транспорт соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича
йиғилишда шундай деганди: "Агар биз транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлай олмаймиз". Шу билан бирга, халқаро транзит юк ташиш учун замонавий автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш саноатнинг асосий вазифалари қаторига киритилган. Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида автомобиль йўллари, йўл иншоотлари ва йўл бўйидаги инфратузилманинг транзит салоҳиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ривожланган мамлакатларнинг ушбу соҳадаги илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.
Дунёда асосан икки турдаги йўл қопламалари қўлланилади: қайишқоқ (асфальтбетон) ва қаттиқ (цемент-бетон). Йўл қопламаларини қуриш ва ишлатиш амалиёти шуни кўрсатдики, ҳар хил иқлим ва транспорт интенсивлиги шароитида цемент-бетон қопламали йўллар (30 йил ёки ундан кўп) асфальт қопламали йўлларга (8 йилдан 12 йилгача) қараганда анча чидамли. Шу сабабли транспорт воситалари тез ҳаракталанувчи автомобиль йўллари учун цемент-бетон қопламалар варианти энг мақбул, деб тан олинган.
Ривожланган мамлакатларда юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган автомобиль йўллари узунлигининг сезиларли қисми цемент-бетон қопламали эканлиги бундай қопламалардан фойдаланиш самарадорлиги юқорилигини кўрсатади.
АҚШда цемент-бетон йўллар юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган йўллар умумий узунлигининг тахминан 60% ини, Германияда 38% ини, Австрияда 46% ини ташкил қилади. [5] Хитой цемент-бетон тезюрар йўллар қурилишини сезиларли даражада оширмоқда. Японияда мустаҳкамлиги, оддийлиги ва фойдаланиш муддатини ҳисобга олган ҳолда, тезюрар йўллардан ташқари, цемент-бетондан кўп қаватли йўл ўтказгичлари қурилган.
Табиий муҳитга зарарли таъсирларни камайтириш. Ўзбекистонда йўл қурилишида ҳамон асосан асфальт-бетон қопламадан фойдаланилади. Барча юкларнинг 95% и ва йўловчиларнинг 88% и автомобиль йўлларида ташилади. Замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро стандартларга мувофиқ, соҳада йўлларни аста-секин автомобиль ўқларига 13 тонналик юкламали йўлларга ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Бу эса мустаҳкамлик хусусиятларини сезиларли даражада оширишни талаб қилади.
Ушбу нуқтаи назардан, цемент-бетон йўллар муҳим афзалликларга эга:
- катта механик таъсирларга ва катта ўлчамли транспорт воситаларининг оғирлигига бардошли ва хизмат кўрсатиш муддати узоқроқ;
- транспорт кам ёқилғи сарфлайди (10-20%);
- мустаҳкам бетон қопламадан 30 ёки ундан ортиқ йил давомида таъмирлаш ишларига муҳтож бўлмасдан фойдаланиш мумкин, асфальт қоплама эса 8-12 йил хизмат қилади ва вақти-вақти билан таъмирлашни талаб этади;
- қоплама экстремал об-ҳаво шароитларига, юқори ва паст ҳаво ҳароратига ёки намлик ўзгаришига юқори чидамлиликка эга;
- экологик оқибатларни минималлаштиради, транспорт воситалари ҳаракат учун минимал ёқилғи сарфлайди;
- табиий ресурсларни тежаш ва экологик хавфсизлик. Асфальт нефтни саноат усулида қайта ишлаш йўли билан олинади, бетоннинг асосий таркибий қисмлари эса зарарли кимёвий моддалар деярли йўқ бўлган оҳактошлардир.
Тупроқ ва қўшимча қатламларни цемент билан мустаҳкамлаш, бетон қопламани ётқизиш ёки йўлларни реконструкция қилиш пайтида асфальтнинг асосини цемент билан мустаҳкамлаш йўлларни янада мустаҳкам ва иқтисодий жиҳатдан фойдали қилади. Қурилиш вақти қисқаради, йўлнинг ўзи капитал таъмирсиз бир неча ўн йиллар хизмат қилади ва техник харажатлар пастлигини олдиндан айтиш мумкин.
Бетон йўллар юқори юк кўтариш қобилиятига эга. Бу асос ва пастки қатламларга юкламанинг бир хиллигини ва эскиришга чидамлилик коэффициентини етарли даражада таъминлайди. Улар барқарорлик хусусиятига эга, шу жумладан юқори ва паст ҳарорат таъсирига. Цемент-бетон йўллар сирт ёпишқоқлигининг юқори коэффициентига эга. Уларнинг ёрқин юзаси қоронғида йўналиш олишни осонлаштиради ва ёзда қизиб кетишни камайтиради. Бундан ташқари, цемент-бетон акс эттирувчи эффекти туфайли ёритиш учун электр энергия сарфини 30% га камайтиради.
Энг муҳим афзаллик - бу умумий иқтисодий самарадорлик – цемент-бетон йўлларнинг ҳаётий цикли асфальт-бетонга қараганда 2,5-3 баравар кўп.
Турли шароитларда цемент-бетон қопламаларини қуришнинг бошланғич қиймати асфальт бетонга қараганда 20-40% қимматроқ бўлса-да, ҳаётий цикли нуқтаи назаридан асфальт қопламаларини таъмирлаш ва ишлатиш харажатлари шундайки, муқобил цемент-бетон қопламаларни қуриш ва ишлатиш анча арзонга тушади (2-расм).
Цемент-бетон қоплама, айниқса, транспорт воситаларининг юқори интенсивлиги ва/ёки автомобил транспортининг оғир юки шароитида ўзини оқлайди. Битум импортини камайтириш орқали валютани сезиларли даражада тежашга ҳам эришилади. Цемент-бетон йўлларнинг асосий таркибий қисмлари – цемент ва норуда қаттиқ қурилиш материаллари (шағал, майдаланган тош, қум ва тошлар) деярли барча ҳудудларда ишлаб чиқарилади. Бу эса қурилиш майдонига материалларни ташиш билан боғлиқ иссиқхона газларини камайтиришда ёрдам беради.
Шу боис мамлакатимизда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган йўлларни босқичма-босқич цемент-бетон қопламага ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, цемент – бетонни ётқизиш асфальт-бетон ишларига нисбатан анча мураккаб технологик жараён эканлигини ёдда тутиш керак.
Мамлакат турли минтақаларда, шу жумладан Германия, Жанубий Корея, Испания ва Озарбайжоннинг йирик компаниялари иштирокида цемент-бетон қопламали магистрал йўл участкаларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича анча узоқ муддатли тажрибага эга. Андижон вилоятида цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мақсадли кластер ташкил этилди. У 31та чекка маҳалладаги 23 километрли йўлларни цемент-бетон аралашмаси билан қоплаб, 10 йилгача техник хизмат кўрсатишни ўз зиммасига олди.
Бу тажрибани бутун мамлакат бўйлаб ёйиш, 2022-йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 2,6 минг километрлик цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ва таъмирлашнинг кластерли усулини жорий этиш режалаштирилди. Ушбу йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2022-йил охиригача ихтисослаштирилган ускуналар импорти божхона тўловлари ва утилизация йиғимларидан озод қилинади.
Бетон иссиқхона газларидан қутқаради. "Яшил" қурилиш талабларига жавоб берадиган табиий карбонатланиш жараёнида бетоннинг иссиқхона газларини ютиш қобилиятининг ижобий таъсири Шарқий Англия университети тадқиқотлари билан тасдиқланган. Олимлар 1930-2013 йилларда барча бинолар, иншоотлар ва бетон қопламалар томонидан атмосфера карбонат ангидриднинг минтақавий ва глобал сўрилишини моделлаштирди. Бунда 4,5 гигатонна углерод ёки 16 гигатонна карбонат ангидриднинг сўрилиши аниқланди. Бу уларни яратиш жараёнида чиқадиган карбонат ангидриднинг тахминан 43% и дегани. Цемент-бетон қопламалар углерод изининг камайишига ҳисса қўшади.
Пердью университети (АҚШ) қурилиш муҳандислиги кафедраси олимлари, шунингдек, бетон аралашмасига нано ўлчовли титан диоксид қўшилиши бетоннинг карбонат ангидридни боғлаш қобилиятини деярли икки баравар оширишини аниқлади.
Қурилиш материаллари саноатининг тайёрлиги. Цемент-бетон йўлларни қуришда асосий қурилиш материаллари сифатида ишлатиладиган минерал хом ашё – шағал, қум, тошлар тошлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида мавжуд. 2021-йилнинг январь-декабрь ойларида маҳаллий корхоналар томонидан цемент ишлаб чиқариш 12 фоизга ўсиб, 14,2 миллион тоннага етди. 2021-йил охирида Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш қуввати 21 миллион
тоннани ташкил этди, 2022-йилда умумий қуввати 3,8 миллион тоннани ташкил этадиган 5 та инвестиция лойиҳасини якунлаш режалаштирилган бўлиб, бу ушбу турдаги материалларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш, шу жумладан цемент-бетон йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун қулай имкониятлар очади.
Хулосалар. "Яшил" қурилиш тамойилларининг жорий этилиши жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортади, мамлакатнинг ижобий имиджини ривожлантиришга таъсир қилади, унинг турли халқаро индекслар, жумладан, кредит рейтинглари даражасини оширишда ёрдам беради.
Юқоридагиларга асосланиб, аниқ ижобий экологик таъсирни ҳисобга олган ҳолда, цемент ва унга асосланган материаллардан узоқ муддатда, шу жумладан автомобиль йўллари қурилишида доимий фойдаланишни тавсия этиш мумкин.
Цемент-бетон йўллар қурилишини кенгайтириш фойдалилигининг ижобий аргументлари – ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини яхшилашга ёрдам берадиган бетон заводларининг мавжуд қувватларидан тўлиқроқ фойдаланиш имконияти, шунингдек, кўчма ва ихчам тез ўрнатиладиган бетон заводларидан фойдаланиш, жойлашувининг қисқа вақт ичида ўзгартирилиши ва кейинги жойда юқори сифатли бетон ишлаб чиқариш мумкинлигидир. Лойиҳанинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилашнинг қўшимча омили, юқоридаги афзалликларга қўшимча равишда, самарасиз транспорт харажатларини камайтириш бўлади.
Мирҳамид Тўраев,
ПМТИ бош илмий ходими
Александр Цой,
ПМТИ катта илмий ходими