Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 07/03/2019 “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги муҳим ҳужжат муҳокама этилди
“Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги муҳим ҳужжат муҳокама этилди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) –Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимизда атом энергиясидан фойдаланишни тартибга солувчи махсус қонунга бўлган ҳаётий эҳтиёжни таъминлашга қаратилган.

Лойиҳа атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизими учун ҳуқуқий асосларни яратиш, атом энергияси тўғрисида амалдаги барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлар билан мувофиқлаштириш, атом энергиясидан фойдаланишда юридик шахслар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий қонунчиликка хорижий давлатларнинг энг самарали тажрибаси ҳамда механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Қонун лойиҳаси билан атом энергетикаси соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, атом энергетикасини ривожлантириш, ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган — Энергетика вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом» агентлиги) ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари белгиланмоқда. Атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш тизими жорий этилмоқда.

Парламент аъзоларининг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, атом энергетикасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга хизмат қилади. Атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг салбий таъсиридан муҳофазалаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини шакллантириш ҳамда авария ҳолатларининг пайдо бўлиш хавфини минималлаштириш мақсадида атом энергиясидан фойдаланишда мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишга кўмаклашади.

Манба:Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг