Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Мамлакатимизда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, унинг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқаро стандартларга мос ҳуқуқий асосларни яратиш, бошқарув тизими ва назорат механизмларини ислоҳ қилиш, соҳадаги барча иштирокчиларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Мазкур қонун лойиҳаси билан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган сифатида белгиланяпти.
Шу билан бирга, лойиҳа билан давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг номлари ҳамда ҳуқуқий атамалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, юридик-техника қоидаларидан келиб чиқиб, нормаларни аниқлаштириш ва улар ўртасидаги уйғунликни таъминлаш мақсадида тегишли ўзгартишлар киритиляпти.
Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳаси атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва назоратининг самарали йўлга қўйилишини таъминлаш ҳамда соҳадаги муносабатларни замон талабларига мос равишда ривожлантиришга қаратилгани таъкидланди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.