Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 20 мартда “Ўзатом” агентлигида Франциянинг “Assystem” компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда компания мутахассислари келгусидаги ҳамкорлик, жумладан, атом энергетикаси соҳасида Ўзбекистондаги кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари, ушбу соҳадаги мутахассислар учун Тошкентда семинар ташкил этиш имкониятларини тақдим этди.
Шунингдек, “Assystem” компанияси билан биргаликда қўшма инжиниринг корхонасини ташкил этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистоннинг ядро инфратузилмасини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
“Assystem” бутун дунёдаги ядро энергетикаси соҳасида учта йирик халқаро компаниялардан бири бўлиб, мураккаб ва қатъий тартибга солинадиган тармоқларда 50 йилдан ортиқ тажрибага эга. Бугунги кунда компания жаҳон атом соҳасида энг таниқли консалтинг ва инжиниринг компанияларидан бири ҳисобланади.
Манба: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.