Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 09/11/2016 Асосий мақсад – эл – юрт фаровонлигини янада юксалтириш
Асосий мақсад – эл – юрт фаровонлигини янада юксалтириш
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифа деб белгиланган.

Сайловоли дастурида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун мамлакатимиз миқёсидаги қатор мақсадли дастурларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан аҳоли ва корхоналарга электр қувватини кафолатли ва барқарор тарзда етказиб бериш мақсадида шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастурини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар борлиги, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишлаётганлиги, куз-қиш мавсумида уларни алмаштириш бўйича бажарилаётган ишлар эса масалани тубдан ҳал этмаётганини назарда тутсак, ушбу дастурнинг амалга оширилиши катта аҳамият касб этади. Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда.

Сайловолди дастурида кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Негаки, кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳажми мавжуд талабни тўлиқ қондириш имконини бермаяпти: ўтган давр мобайнида мамлакатимиз бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилган.

Шу сабабли аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Сайловолди дастуридан ўрин олган яна бир муҳим масала қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастурини қабул қилиш ҳисобланади.

Ушбу дастурнинг рўёбга чиқарилиши шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва гўзаллигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний пайдо бўлган 1,5 мингта чиқиндихонани йўқ қилиш имконини беради.

Айни вақтда маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 168 та полигон барпо этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади.

Элга хизмат – олий ҳиммат. Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг