Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 01/06/2020 “Асака” банк ЕТТБ билан ҳамкорликда молиявий саводхонликни оширишга бел боғлади
“Асака” банк ЕТТБ билан ҳамкорликда молиявий саводхонликни оширишга бел боғлади

Мамлакатимизда халқаро молия институтлари билан иқтисодий ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Бу жараёнда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда банк маҳсулотлари ва хизматларидан тўғри фойдаланиш молиявий бозорни ривожлантиришнинг зарур шарти ҳисобланади.

Бу жиҳатларни эътиборга олган “Асака” банк раҳбарияти кичик ва ўрта бизнес вакиллари, шунингдек, хусусий тадбиркорлар молиявий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда “Асака” банк Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда семинар ўтказди. Тадбирда ЕТТБ вакили Жаҳон Шамсиев ишбилармонларни, энди иш бошлаётган тадбиркорларни савдони молиялаштириш воситалари билан таништирди. Шунингдек, “Асака” банкнинг мазкур халқаро молия ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиққан молиявий воситалар ва молиявий қўллаб-қувватлаш лойиҳаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

ЕТТБ вакили замонавий банк хизматларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланишга бўлган қизиқиш, шубҳасиз, молиявий бозорларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Турли соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, янги самарали молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятлари, товарлар экспортини ривожлантириш муҳокама қилинди.

Семинарда, шунингдек, ЕТТБ савдони ривожлантириш дастури, кафолатларни тақдим этиш, қисқа муддатли молиялаштириш, ички ва ташқи фактор, кичик ва ўрта бизнес вакилларига маслаҳат бериш каби мавзулар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Тўқимачилик саноати вакиллари бизнесни муваффақиятли юритиш тажрибаси билан ўртоқлашди, банк билан мустаҳкам алоқаларни ривожлантириш, замонавий банк маҳсулотларидан фойдаланиш, бизнес масалаларининг самарали ечимлари ва келажакдаги истиқболлар ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидлаш жоизки, “Асака” банк ЕТТБ билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бизнесдаги молиявий саводхонликни ошириш бўйича тадбирларни давомли ташкил этишни мақсад қилган.

“Асака” банк Матбуот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг