Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида автоклавланган газбетон ишлаб чиқарувчи янги завод қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда “Ўзқурилишматериаллари” уюшмаси.
Лойиҳа “Саноат ипотекаси” дастури доирасида амалга оширилмоқда ва “ARTON” компанияси, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Ўзқурилишматериаллар” уюшмаси ва “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг қўшма ташаббуси ҳисобланади.
Автоклавланган газобетон замонавий қурилишда муҳим воситалардан бири бўлиб, бино ва иншоотлар қурилишидаги сарф-харажатни камайтириши ва қурилиш ишлари тезлиги ва сифатини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари автоклавланган газобетон қишда иссиқ, ёзда эса салқин ҳароратни сақлаш хусусиятига эга. Бу эса ўз навбатида электр энергия сарфини 20 фоизгача камайтиради.
Янги корхона йилига 500 минг куб ана шундай тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Унинг қулай ҳудудда жойлашуви маҳсулотларни нафақат ички бозорга , балким қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларига экспорт қилиш имконини ҳам беради.
Аҳамиятлиси “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан “Саноат ипотекаси” дастури доирасида корхонага 10 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан кредит ажратилади. Бунинг натижасида завод фаолияти Германиянинг Wehrhahn GmbH компаниясининг энг замонавий энергия тежовчи ускуналари билан жиҳозланади.
Лойиҳа қиймати эса 20 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Завод ишга тушиши билан 200 нафардан зиёд ҳудуд аҳолисининг бандлиги таъминланади.
Маҳсулот ишлаб чиқаришда деярли 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилади. Бу асосан кварц қуми, оҳак, гипс, цемент хомашёларидир. Уларнинг захиралари мамлакатимизда бугун етарли миқдорни ташкил қилади.
Андижонда қуриладиган янги корхона энг сўнгги замонавий ускуналар билан жиҳозланиши билан ривожланган мамлакатларнинг ана шундай корхоналаридан қолишмайдиган даражада бунёд қилинади.