Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси маълумотларига кўра, 2019-йил 25-март куни АҚШ Меҳнат департаменти 13126-сонли Ижровий буйруқ рўйхатидан Ўзбекистон пахтасини чиқариш бўйича якуний қарор қабул қилди. Ушбу ҳужжат президентлик акти бўлиб, мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда тайёрланган товарларнинг АҚШда давлат харидини тақиқлайди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта 2010-йили ушбу рўйхатга киритилган эди.
Ушбу масалани жамоатчилик орасида очиқ муҳокама қилиш АҚШ идораси ташаббуси билан ўтган йилнинг июл ойи сўнггида бошланган эди. АҚШ Меҳнат департаменти маълумотига кўра, жамоатчилик муҳокамаси давомида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ва “Халқаро меҳнаткашлар ҳуқуқлари бўйича форум” каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, шунингдек, Вашингтондаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси тақдим этган расмий шарҳлар ҳам таҳлил қилинган.
АҚШ идораси “Cotton Campaign” коалициясининг бундай қарор қабул қилиш барвақтлиги тўғрисидаги далилларини изоҳлар экан, болалар меҳнати ҳолатлари саноқлилиги, олиб борилаётган текширувлар ва суд кузатуви самарадорлигининг ошганлигини кўрсатиб ўтди. Шу билан бирга, аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, текширувлар фуқаролик жамияти фаоллари томонидан аниқланган далиллар асосида ўтказилганлиги таъкидланди.
Қарорда қайта алоқа механизми, давлат меҳнат инспексиясининг “ягона алоқа” маркази, минтақаларда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳузуридаги “юридик клиникалар” ҳамда Президент “халқ қабулхоналари”нинг муваффақиятли жорий этилиши ва бу тизим орқали ишчилар ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини самарали аниқлаш ва уларга жавоб қайтариш имкони яратилганлиги ҳам қайд этилган.
“Олинган шарҳлар ва мавжуд маълумотлар батафсил ўрганилганидан сўнг департаментлар Ўзбекистонда пахтани йиғиб олишда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишнинг якка ҳолатлар даражасигача сезиларли қисқарганини қайд этди. Натижада мазкур маҳсулот бундан буён Ижровий буйруқ рўйхатига киритиш учун зарур шартларга мос келмайди”, - дея хулоса қилинади Меҳнат департаменти қарорида.
Америка идорасининг пахтани мазкур рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги қарори АҚШнинг ҳар қандай давлат ташкилотига мазкур маҳсулотни сертификатлаш (болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилганлиги тўғрисида) талабисиз сотиб олишга рухсат беради. Шунингдек, АҚШ Меҳнат департаменти вакилларининг фикрига кўра, Ўзбекистон пахтасининг ушбу рўйхатдан чиқарилиши АҚШ хусусий компанияларига ўзининг ишбилармонлик нуфузида доғ тушишидан хаворитланмай Ўзбекистон маҳсулот етказиб берувчилар билан бизнес алоқаларига киришиш имконини беради. Шундай қилиб, Ўзбекистон пахта етиштирувчилари учун АҚШ бозорига тўлақонли киришнинг янги истиқболлари очилмоқда.
Илгарироқ, ўтган йилнинг сентабр ойида АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистон пахтасини “Болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган маҳсулотлар рўйхати”дан чиқарган эди.
Ушбу ҳужжат бу каби бошқа қарорлар қаторини тўлдирди. Хусусан, Давлат департаментининг одам савдоси тўғрисидаги ҳисоботида Ўзбекистон даражасини учинчи тоифадан иккинчига тоифага кўтариш ҳамда болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги Меҳнат департаментининг аввалги ҳисоботида мамлакат мавқейи яхшиланганлиги борасидаги қарорлари шулар жумласидан.
Мазкур қарорлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш ҳамда аввал киритилган барча чекловларни режали асосда олиб ташлаш бўйича мамалакатимизда амалга оширилаётган чоралар АҚШ томонидан эътироф этилганлигини тасдиқлайди.
Қайд этиш жоизки, АҚШ ҳукуматининг мазкур қарорлари Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки томонидан олиб борилган кузатишлар хулосалари ва натижаларига мос келади.
Манба: ТИВ расмий сайти.