Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --
Молия вазирлиги АҚШ Давлат котибининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари жаноб Девид Меале бошчилигидаги АҚШ делегацияси билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистондаги биринчи ташрифи эканлигига қарамай, жаноб Девид Меале Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиб боришини таъкидлади. Ўтган икки йил давомида амалга оширилган ислоҳотлардан ижобий таассуротда эканлигини ва бундай мувафақиятли иқситодий-молиявий ислоҳотлар нафақат уларда балки хориж инвесторларида ҳам катта қизиқиш уйғотаётганлиги ва бу борада батафсил маълумотга эга бўлмоқчи эканлигини билдирди.
АҚШ Давлат Депртаментининг расмий вакиллари ташрифидан асосий мақсад нафақат мамлакатнинг ислоҳотлари билан чуқур танишиб чиқиш, балки АҚШ-Ўзбекистон йиллик икки томонлама ҳукуматлараро маслаҳатлашувида (U.S.-Uzbekistan Annual Bilateral Consultations) ҳам иштирок этишидир.
Молия вазирлиги мутасадди вакиллари 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стратегиясининг 5 та асосий устувор йўналишларидан бири иқтисодий ислоҳотларга бағишланганлиги ва шунга кўра, 2017 йил сентябр ойида валюта бозорини эркинлаштириш, барча валюта операциялари чекловсиз амалга оширилиши ҳамда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш каби иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилганлиги тўғрисида маълумот беришди.
Шу билан бирга, молиявий ислоҳотлар, яъни дастурга асосланган ўрта муддатли бюджетни режалаштириш, давлат бюджети шаффофлигини таъминлаш, ички аудит самарадорлигини ошириш ва халқаро бухгалтерия стандартларини жорий қилиш мамлакат учун асосий мақсад эканлигини таъкидланди. Республикада олиб борилаётган иқтисодий ва молиявий ислоҳотлар Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг ҳамкорлигида ва техник кўмаги асосида амалга оширилаётганлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиздир.
Жаноб Девид Меале юқорида айтиб ўтилган ислоҳотлар борасидаги мулоҳозалари билан бўлишди: «Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий-молиявий ислоҳотлар мамлакат учун ҳақиқатдан ҳам янги тарих бўлиши мумкин ва бу иқтисодий ўсиш инвесторларини жалб қилиш учун энг яхши йўл ҳисобланади”.
Учрашув сўнгида делегаця аъзолари келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаштиришга тайёр эканликлари ҳамда хорижий инвесторларни жалб этишда ўз ҳиссаларини қўша олишларини билдиришди.
Манба: Молия вазирлиги Ахборот хизмати.