Валюта курслари 31/10/2024
$1 – 12774.34
UZS – -0.08%
€1 – 13848.66
UZS – 0.13%
₽1 – 132.17
UZS – 0.55%
Қидириш
Иқтисод 29/10/2024 “Ақлли қишлоқлар”ни ривожлантириш бўйича хорижий тажриба

“Ақлли қишлоқлар”ни ривожлантириш бўйича хорижий тажриба

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари “ақлли қишлоқлар”ни ривожлантириш бўйича хорижий тажрибани ўрганди.
“Ақлли қишлоқлар” концепцияси нафақат қишлоқларнинг рақамли трансформацияси, балки уларнинг ривожланишига янгича қарашни ҳам ифодалайди. 

Хитойда “Ақлли қишлоқ Байху” лойиҳаси доирасида 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини онлайн сотиш йўлга қўйилди ва 30 мингдан ортиқ киши камбағалликдан олиб чиқилди.

Электрон тижорат камбағалликни бартараф этишда муҳим роль ўйнади. 20 000 дан ортиқ сотувчи “832 платформаси”га (камбағал ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун онлайн платформа) қўшилди. Бу 2022-йилда 13,6 миллиард юань даромад келтирди (аввалги йилдагига нисбатан 20 фоиз кўп).

Испанияда COWOCAT Rural лойиҳаси доирасида яратилган коворкинг майдонлари аҳоли сонининг камайишидан азият чекаётган қишлоқ жойларида иқтисодий ўсишнинг драйверига айланди. Лойиҳа доирасида 18 дан ортиқ коворкинг майдони ва 130 нафардан ортиқ мутахассис тармоққа қўшилди. Бу эса қишлоқларда кучли коворкерлар ҳамжамиятини шакллантиришга ҳисса қўшди.

Лойиҳа Испаниядаги иккита таълим муассасасида ўқув дастурларини йўлга қўйиш орқали ёшлар ўртасида коворкинг маданиятини оммалаштиришга фаол ҳисса қўшди. Тортоса шаҳридаги Ровира-и-Виргили университетида талабалар ва ўқитувчиларни ушбу концепцияга жалб қилиш учун қишлоқ коворкинг майдони ташкил этилди.

Конго Демократик Республикасида "Pamoja Net" лойиҳаси Иджви оролига интернетга кириш имконини берди. Бу маҳаллий бизнес муҳитини яхшилади, бу эса халқаро харидорлар билан алоқа ўрнатишга ёрдам берди. Маҳаллий корхоналарнинг қўллаб-қувватлаши ва "Fjord" технология компанияси билан ҳамкорлик туфайли 3900 нафардан ортиқ киши интернетга уланиш имконига эга бўлди. Кейинчалик, маҳаллий корхоналар лойиҳа ойлик операцион харажатларининг 60 фоизини молиялаштириш учун янги имкониятлардан фойдаланди.

Озарбайжонда Агали аҳоли пунктидаги “ақлли қишлоқ” қайта тикланадиган энергия манбалари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш намунасига айланди. Аҳоли пункти энергетик жиҳатдан мустақил: энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж қуёш энергияси, шамол энергияси ва гидроэлектр станциялари ҳисобига таъминланади. Агали қишлоғидаги ҳар бир бино толали изоляция, электродли сув иситгичи, қуёш панеллари ва бошқа "яшил" технологиялар асосида жиҳозланган. 

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қишлоқлар барқарорлиги ва унумдорлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳам фаол амалга оширилмоқда.

2023-йилда Ўзбекистон фермерлари ФАОнинг “Келажак авлодлар учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси ва дунё бўйлаб 1000 та рақамли қишлоқни яратишга қаратилган ФАОнинг “Рақамли қишлоқлар” ташаббусида иштирок этди. Тажриба лойиҳаларини амалга ошириш учун Фарғона водийсининг Новкент ва Юксалиш қишлоқлари танлаб олинди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг