Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 21/04/2022 Ақлли деҳқончилик: ФАОнинг Ўзбекистондаги тажрибаси
Ақлли деҳқончилик: ФАОнинг Ўзбекистондаги тажрибаси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Келажак Авлод учун Ақлли Деҳқончилик” лойиҳаси замонавий иссиқхона қандай бўлиши кераклиги ғоясини тубдан ўзгартириб, илғор технологияларни кичик хўжаликларга тақдим этмоқда. Иссиқхоналарни мослаштириш ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғлиқ бўлган беш омил – иқлимни бошқариш, зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш, иссиқхонани бошқарув амалиётлари, сувдан фойдаланиш ва ўсимликларни озиқлантириш бўйича мақбуллаштириш орқали иссиқхона хўжалиги муваффақиятли бизнесга айланиб, қишлоқ аҳолисини барқарор даромад манбаи билан таъминламоқда. Чунки лойиҳа илмий ёндашув ва илғор технологиялар асосида иссиқхоналарда экинларни етиштириш усулларини яхшилайди.

“Аввало, иссиқхоналар учун янги қоплама материаллардан фойдаланиш таклиф этилади – қалинлиги 180-200 микрон бўлган ўта пишиқ полиэтилен плёнкаларга ултрабинафша нурланишини ютадиган ва, энг муҳими, иссиқхонанинг ички юзасида томчилар шаклида конденсация ҳосил бўлишининг олдини оладиган махсус қўшимчалар қўшилган. Иссиқхонани совутиш учун биз унинг юзасига анъанавий лой сепиш ўрнига соя берадиган тўрлардан фойдаланяпмиз. Ва зараркунандаларга қарши курашиш учун биз ушбу ҳудудларда илгари ишлатилмаган тутқич ва чивинларни тутиб қоладиган тўрларни жорий қилмоқдамиз. Улар ҳаво айланишини ҳам яхшилайди. Бундан ташқари, дезинфекцияловчи пол қопламалари ва вирус ҳамда бактерияларга қарши қўш эшикли тизим ўрнатилиб, иссиқхона атрофидаги ер бегона ўтлардан тозаланмоқда”, - дейди ФАО лойиҳасининг миллий маслаҳатчиси, агроном Хайрулла Эсонов.

Сабзавот экинлари ҳосилдорлигини ошириш мақсадида “Келажак Авлод учун Ақлли Деҳқончилик” лойиҳаси фермерларга муайян амалиётларни қўллашни таклиф этади. Шундай қилиб, масалан, ўсимликларни чанглатиш махсус арилар (лотинча Bombus Terrestris) ёрдамида амалга оширилиши керак, ўсимликлар орасидаги масофа 40 см, эгатлар орасидаги масофа эса 50 см бўлиши керак. Бундан ташқари, ўсимликларни пояларга зарар бермасдан ленталар билан боғлаш учун қисқичларни ўрнатиш таклиф этилади ва иссиқхона ичидаги ҳарорат ва намлик доимий равишда назорат қилинади. 

Ушбу ва бошқа усуллар иссиқхона хўжалигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, чунки Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги ўз иссиқхоналарини юқоридаги усуллар бўйича модернизация қилиш ва оптималлаштиришда ФАО томонидан қўллаб-қувватланган 20 та қишлоқ хонадони аъзолари бунга аллақачон ишонч ҳосил қилишган.

Бенефициарлар қишлоқлардаги даромади паст ва доимий бўлмаган уй хўжаликлари орасидан танлаб олинди. Шу билан бирга, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизлар бошчилигидаги хонадонларга устувор аҳамият қаратилди. 

“Менга зараркунандаларга қарши курашда ФАОнинг янги ёндашуви жуда ёқди! Ўтган йили, масалан, зарарли ҳашаротлар бодринг ҳосилининг деярли ярмини йўқ қилган эди. Мен катта йўқотишларга дуч келдим. Илгари мен пестицидларни кўп миқдорда ишлатганман, ҳозир эса иссиқхонада умуман зараркунандалар ва касалликлар йўқ. Бундан ташқари, ўғитлардан фойдаланишга янги ёндашув ҳосилдорликка жуда яхши таъсир қилади – биз буни помидорнинг биринчи куртакларига қараб билишимиз мумкин. Бу йил 30 миллион сўмга яқин даромад олишни режалаштирганман ва бунинг учун жуда миннатдорман. Ота-онам ҳам жуда хурсанд – бу бутун оиламиз учун катта ва муҳим ёрдамдир”, - дейди Маҳсудахон Баҳрамова.

20 та иссиқхонанинг барчасига насослар, фильтрлар, сув идишлари ва шланглардан иборат замонавий томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилди. Ушбу тизимлар туфайли эрувчан озуқа моддалари тўғридан-тўғри ўсимликларнинг илдиз тизимига етиб бориб, янада кўпроқ самара беради. Бундан ташқари, ҳар бир бенефициарга сувнинг шўрлиги ва кислоталилигини ўлчаш учун pH ва электрўтказувчанликни ўлчайдиган асбоблари берилди. Ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, ҳар учала ҳудудда суғориш учун фойдаланиладиган сувнинг шўрлиги ва кислоталилиги юқори эканлиги аниқланди, ҳозирда лойиҳа бенефициарлари суғоришдан олдин сувга махсус кислоталар қўшиб, бу кўрсаткичларни тўғриламоқда.

Эслатиб ўтамиз, ФАОнинг “Келажак Авлод учун Ақлли Деҳқончилик” лойиҳаси Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ масалалари вазирлигининг молиявий кўмагида 2021 йилда бошланган эди. Бугунги кунга қадар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 20 та хонадонда иссиқхоналар модернизация қилинди ва мақбуллаштирилди. 2022 йил апрель ойининг охирига келиб, сифатли, хавфсиз, аввалги йилларга нисбатан кўпроқ биринчи ҳосилни олиш ва шунга мос равишда даромаднинг ошиши кутилмоқда. Қисқа муддатларда бундай муваффақиятларга эришишнинг сабаби хўжаликларга ФАО томонидан ҳар ҳафта техник ёрдам кўрсатиб бориши билан изоҳланади. Улар ФАО томонидан 2022 йил февраль ойида ташкил этилган бир қатор тренинглар давомида олинган янги билим ва кўникмалар билан иссиқхона бизнесини юритмоқдалар. Машғулотларда 75 киши, жумладан, бенефициарлар, уларнинг оила аъзолари ва бошқа манфаатдор шахслар иштирок этдилар. ФАОнинг қишлоқ хўжалиги мутахассиси Мелвин Медина Наварро ва агроном Хайрулла Эсонов томонидан ўтказилган тренингларда санитария ва чекловчи чоралар, сув ресурсларини бошқариш ва ўсимликларни озиқлантириш, тупроқни бошқариш, зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларини комплекс назорат қилиш ва бошқа кўплаб мавзулар бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, бу йил лойиҳанинг бошқа таркибий қисмлари, жумладан, йиғим-теримдан кейинги қайта ишлашни такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати ва маркетингни яхшилаш амалга оширилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг