Андижонга 100 та электробус олиб келиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, аҳолига қулай ва сифатли транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мақсадида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳаракат таркибини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳаракат таркибини янги замонавий автобус ва электробуслар билан тўлдириш, шунингдек, Андижон шаҳрида брутто-шартнома тизимини тўлиқ ишга тушириш мақсадида 100 та электробус харид қилиниши режалаштирилган.
Шу муносабат билан, Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон вилояти транспорт бошқармаси, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамда салоҳиятли тадбиркорлардан иборат делегация айни пайтда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Делегация аъзолари "Lanzhou Guangtong Nev Energy Automobile Co., Ltd” ва “Guangtong” компанияси томонидан электробусларни ишлаб чиқариш жараёни, етказиб бериш хизмати ва бошқа мавзуларда музокаралар ўтказиб шартномалар имзолаш бўйича амалий ишларни олиб бормоқда.