Андижонда эркак собиқ қайнотасининг машинасини ёқиб юборди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 3 август куни ижтимоий тармоқларда Андижонда автомашина ёқиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Воқеа юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси расмий баёнот берди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ҳодиса тунги соат 01:28 атрофида Андижон туманидаги “Зангибобо” маҳалласидаги Учкўприк кўчаси, 48-уй ёнида содир бўлган. Хонадон эгасининг сўзларига кўра, унинг ҳовли олдида турган Nexia-2 русумли автомобили собиқ куёви томонидан оилавий низо туфайли ёқиб юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан гумонланувчи шаҳсга нисбатан ЖКнинг 173-моддаси(Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.