Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 25/01/2016 Андижон вилоятида 302 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди
Андижон вилоятида 302 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2015 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръати 3,6 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 22, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 8 фоизга кўпайди. Қурилиш ишлари 13,7, чакана савдо айланмаси 14, хизматлар ҳажми 20 фоиз ошди.

Иқтисодиётга жалб этилган инвестицияларнинг асосий қисми янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, саноатни модернизация қилиш ва технологик янгилашга йўналтирилди. Хусусан, 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 302,1 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, 3 минг 768 янги лойиҳа амалга оширилди. Бунинг самарасида 41 минг 257 янги иш ўрни яратилди.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида жами 56,9 миллион доллар қийматида, жумладан, 17,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиб, 20 лойиҳа амалга оширилди. Пахтаобод туманидаги “Эстерн Рут Андижан” қўшма корхонасида тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ҳисобот даврида вилоятда ҳудудий экспорт дастури доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жами 158 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди. 45 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.

Ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш борасида 117 километрдан ортиқ оптик толали кабеллар тортилиб, кенг полосали тармоқдан фойдаланувчи порталлар 1752 тага етди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 25 лойиҳа амалга оширилиб, 21,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва 7,6 миллион доллар миқдоридаги валютани тежаб қолиш имконини берди.

Ўтган йили намунавий лойиҳалар асосида 1 минг 60 уй-жой қурилди. Андижон шаҳрида 6 кўп қаватли “Камолот” уйи барпо этилди.

Вилоятда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда энергия сарфини қисқартириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида 173 иситиш қозони энергия тежамкор қозонларга, сув хўжалиги ташкилотларида 6 насос, 23 электр двигатели янгисига алмаштирилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида 230 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг