Андижон вилояти China Shandong Huada Group компаниясидан 500 миллион доллар инвестиция жалб қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирокида Хитой давлатидан ташриф буюрган «China Shandong Huada Group» компанияси инвестори ва ҳамкорлари билан музокара ўтказилди.
Учрашувда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, вилоятда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Хусусан, Қўрғонтепа ҳамда Хўжаобод туманлари ҳудудида қиймати 500 миллион долларга тенг темир йўл ва авто логистика йўналишини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Музокаралардан сўнг мутасаддилар ва хитойлик инвесторлар лойиҳалар амалга ошириладиган ер майдонларига бориб, жойида танишдилар.
Мазкур ҳамкорлик вилоятда транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ривожланишни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.