Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 28/03/2017 Аму – Бухоро янги замонавий кўприк фойдаланишга топширилди
Аму – Бухоро янги замонавий кўприк фойдаланишга топширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Наврўзи олам шодиёналари давом этаётган шу кунларда Бухоро вилоятида яна бир йирик бунёдкорлик лойиҳаси амалга оширилди. Ўзбекистон миллий автомагистрали тизимидаги Қоровулбозор тумани орқали ўтувчи Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнов халқаро йўлидаги вилоятлараро Аму – Бухоро машина канали устида барпо этилган янги замонавий кўприк фойдаланишга топширилди.

Инвестиция дастурига кирган ушбу объектда “Қашқадарё кўприк хўжалик ихтисослаштирилган сақлаш таъмирлаш ва фойдаланиш” бошқармаси жамоаси томонидан 11 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Кўприкни фойдаланишга топшириш маросимида мамлакатимиз иқтисодиёти равнақида муҳим ўрин тутувчи йўл инфратузилмасини ривожлантириш, айниқса, халқаро аҳамиятга эга ўзбек миллий автомагистралини жаҳон андозалари асосида реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Кўприк аввалгисига нисбатан уч баробар кенг бўлиб, эни 27, узунлиги 72 метрни ташкил этади. Тўрт полосали йўлдаги янги кўприкнинг ўтказиш қобилияти, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш даражаси кескин ошди. Иншоотнинг икки томонида пиёдалар учун йўлаклар барпо этилган.

– Халқаро аҳамиятдаги ушбу автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилади, – дейди “Бухороавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори ўринбосари Ш.Эгамов. – Инвестиция дастури доирасида янги кўприкнинг икки томонидаги автотрассанинг 5 километрлик қисми қайта қурилади. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг