Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 26/12/2016 Алмазбек Атамбоев ва Шавкат Мирзиёев Самарқандда музокаралар ўтказишди
Алмазбек Атамбоев ва Шавкат Мирзиёев Самарқандда музокаралар ўтказишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 2016-йилнинг 24-декабрь куни амалий ташриф билан Самарқандга келди.

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимиз тарихи, маданий ва диний қадриятлари муштарак, анъана ва урф-одатлари ўхшаш.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик янгича мазмун касб этди. Кейинги пайтларда ўзаро алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифи амалга оширилди. Мамлакатларимиз жамоатчилиги Андижон ва Ўш шаҳарларига делегацияларнинг ўзаро ташрифини мамнуният билан қабул қилди.

Икки мамлакат вакиллари Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўтган сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.

Президентлар "JV MAN Auto-Uzbekistan" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасига ташриф буюрдилар.

Олий мартабали меҳмон қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон жаҳонда автомобиль ишлаб чиқарувчи етакчи давлатлар қаторига қўшилди. Бугун Ўзбекистон автосаноати маҳсулотларига кўпгина мамлакатларда, жумладан, Қирғизистонда ҳам талаб юқори.

"JV MAN Auto-Uzbekistan" қўшма корхонасининг ташкил этилиши мамлакатимизда автомобилсозликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2011-йил 16-февралдаги «Оғир юк кўтарадиган автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни келгусида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда оғир юк кўтарадиган "MAN" автомобилларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилди.

Бу ерда 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга замонавий юк машиналари, жумладан, автокранлар, изометрик фургонлар, сув ташиш машиналари, комбинацияланган йўл машиналари, канал тозалаш машиналари, бетон қоригич, пахта ва чиқинди ташиш машиналари ишлаб чиқарилмоқда.

Завод ҳудудида ташкил қилинган тайёрлов ва малака ошириш марказида юк автомобилларига техник хизмат кўрсатадиган механик ва чилангарлар ўқитилмоқда. Корхонада хавфсиз ва самарали бошқариш бўйича махсус "MAN ProfiDrive" дастури асосида оғир юк кўтарадиган машиналар ҳайдовчилари тайёрланмоқда. Ҳайдовчиларни ушбу тизим асосида ўқитиш ёқилғининг 20-30 фоизини тежаш, ҳаракатлантирувчи қисмлар ва трансмиссия элементларининг хизмат муддатини узайтириш, автомобилни хавфсиз бошқариш имконини беради.

Қирғизистон Республикаси Президенти замонавий стандартларга мувофиқ энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ва мамлакатимиз автомобиль саноатининг муваффақиятини намоён этадиган ушбу корхона фаолиятини юқори баҳолади.

Олий мартабали меҳмон завод ҳудудида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобиллар, юк машиналари, трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди.

Форумлар мажмуаси саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиргани учун миннатдорлик изҳор этди. Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурмат ифодасидир.

Алмазбек Атамбоевнинг ташрифи Қирғизистон Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтиришга муҳим аҳамият бераётганидан далолат экани қайд этилди.

Қирғизистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади. Президентлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Томонлар экстремизм ва диний ақидапарастлик минтақамиз барқарорлигига хавф солаётганига эътибор қаратдилар. Бундай хавф-хатарларга қарши ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласини муҳокама этиш чоғида ушбу жафокаш заминда тинчлик ва осойишталикка эришиш бутун минтақамизда хавфсизликни таъминлаш, истиқболли транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш, иқтисодиётни янада тараққий эттириш учун муҳим омил ҳисобланиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 2016-2017-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури янги шаклдаги сиёсий мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим соҳаси ҳисобланади.

Ушбу масалалар муҳокамасида 2016-йилнинг ўтган даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 фоиз ўсганига қарамасдан, бу кўрсаткич етарли даражада эмаслиги ва икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларига мос келмаслиги қайд этилди.

Президентлар икки йил давомида товарлар турини тубдан кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларгача кўпайтириш чораларини кўриш зарурлигини таъкидладилар.

Шавкат Мирзиёев бунинг учун Қирғизистонга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, енгил ва юк автомобиллари, автобусларни тизимли асосда етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, қирғизистонлик шерикларга азот, фосфор, калий ва мураккаб комплекс ўғитлар, электротехника маҳсулотлари – трансформаторлар, барча турдаги кабель-ўтказгич маҳсулотлар, маиший техника, шунингдек, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, препаратлар, мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа саноат маҳсулотлари етказиб бериш таклиф этилди.

Қирғизистон томони, ўз навбатида, Ўзбекистонга етказиб берилаётган товарлар турини қайта кўриб чиқиши таъкидланди.

Шу мақсадда икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

Минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик йўналиши ҳисобланади. Масалан, Марказий Осиёни Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа темир йўл нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг транзит салоҳиятини сезиларли равишда ошириш имконини беради.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мутахассислари Қирғизистон ҳудудида бундай йўналишни лойиҳалаштириш ва қуришда иштирок этишига тайёр эканини таъкидлади.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг муҳим соҳаларидан биридир.

Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очишига ишонч билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг