Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – The Sunday Times нашри талқинига кўра, Буюк Британиянинг энг бой одамлари рўйхатига уч россиялик – USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов, Millhouse’нинг асосий эгаси Роман Абрамович ва “Альфа-Банк”нинг энг йирик акциядори Михаил Фридман киритилди. Улар рўйхатда юқори ўнталикнинг сўнгги ўринларини эгаллашган дея хабар бермоқда Kun.uz.
Усмоновнинг бойлиги 11,33 млрд фунт стерлингга (14,72 млрд доллар) баҳоланган, тадбиркорнинг давлати бир йил ичида 783 млн фунт стерлингга (1,017 млрд доллар) кўпайган. Аввалги йилги рейтингдаги каби Усмонов рўйхатнинг 8-ўрнидан жой олган. 2018 йил ёзида Усмонов “Арсенал” футбол клубининг ўзига тегишли 30 фоиз акциясини америкалик тадбиркор Стэн Кронкега 550 млн фунт стерлингга (714 млн доллар) сотиб юборган ва бу битимдан 300 млн фунт стерлинг (390 млн доллар) ишлаб олган.
Абрамович рейтингдаги позициясини яхшилаб олиб, 13-ўриндан 9-ўринга кўтарилиб олган. Унинг бойлиги 11,22 млрд фунт стерлингга (14,58 млрд долларга) баҳоланган.
Рўйхатнинг 10-ўрнидан жой олган Михаил Фридманнинг бойлиги 10,9 млрд фунт стерлингга (14,17 млрд доллар) баҳоланган.
Рўйхатнинг етакчиси ўзгарган. Аввалги рейтингда 1-ўринни эгаллаган сэр Жим Рэтклифф 18,66 млрд фунт стерлинг (24,25 млрд доллар) билан 3-ўринга тушиб кетган. 1-ўринни эса ака-ука Шри ва Гопи Хиндужа эгаллаган. Улар Hindija Group саноат гуруҳига эгалик қилишади.
2-ўринни яна бир ака-ука Дэвид ва Саймон Рубен (18,66 млрд фунт стерлинг), 4-ўринни Лен Блаватник (14,37 млрд фунт стерлинг), 5-ўринни сэр Жеймс Дайсон ва оиласи (12,6 млрд фунт стерлинг), 6-ўринни опа-ука Кирстен ва Йорн Раусинг (12,25 млрд фунт стерлинг), 7-ўринни эса эр-хотин Шарлен де Карвальо-Хейнекен ва Мишел де Карвальо (12 млрд фунт стерлинг) эгаллаган.
Апрелда Усмонов, Абрамович ва Фридман Forbes нашри талқинига кўра энг бой россияликлар рўйхатига киритилганди. Бироқ улар ушбу рўйхатда бошқача тартибда келтирилишган: Фридман 15 млрд доллар билан 7-ўринни, Усмонов 12,6 млрд доллар билан 9-ўринни ва Абрамович 12,4 млрд доллар билан 10-ўринни эгаллаган.