Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Иқтисод 10/02/2025 Алишер Қодиров Энергетика вазирлигини заиф ахборот сиёсати учун танқид қилди

Алишер Қодиров Энергетика вазирлигини заиф ахборот сиёсати учун танқид қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Миллий тикланиш» партияси фракциясининг йиғилишида унинг етакчиси Алишер Қодиров Энергетика вазирлигининг фаолиятидан норозилигини билдириб, унинг ахборот сиёсати паст даражада эканини таъкидлади.

Қодировнинг сўзларига кўра, жамиятда энергетика соҳасига доир шикоятлар ва тушунмовчиликлар кўпайгани сабабли ижтимоий тармоқларда кенг танқидлар кузатилмоқда. Бундан ташқари, бу мавзуда фақат мутахассислар эмас, балки бу соҳадан умуман хабари йўқ одамлар ҳам мунозара олиб бормоқда.

Партия етакчисининг фикрича, бундай ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – вазирликнинг аҳолига маълумотни самарали етказа олмаслиги. «Ҳозирги кунда электр энергиясининг 75% табиий газ ёқиш орқали ишлаб чиқарилаётганини ким тушунтириб беради? Энергетика тармоғидаги муаммолар, яшил энергетикани ривожлантириш чоралари ва амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида ким гапиради?» — дея савол қўйди Қодиров.

Шуни таъкидлаш жоизки, январь ойи охирида сиёсатчи энергетика масаласини кўтариб, аҳолини газ билан иситишдан воз кечиб, электр энергиясига ўтишга чақирган эди. Ўшанда у бир куб метр газни қайта ишлаб, унинг асосида ўн турдаги юқори қийматли экспорт маҳсулотларини тайёрлаш, хорижга сотиш ва шу орқали мамлакатда миллионлаб иш ўринлари яратиш мумкинлигини таъкидлаган эди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг