9 феврал кун мамлакатимизнинг Япониядаги Элчихонаси томонидан Токионинг Сока университети, Сока Гаккай ташкилоти, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд чет тиллар институти билан ҳамкорликда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали маросим ва ўзбек-япон форуми ўтказилди.
Сока университети таниқли япон файласуфи, ёзувчиси, "Сока Гаккай Интернационал" ташкилоти президенти Дайсаку Икеда томонидан 1971 йилда ташкил этилган. Университетнинг 8 факультетида 8000 га яқин талаба таҳсил олади. Унинг таркибида болалар боғчаси, ўрта мактаб ва илмий тадқиқот институтлари мавжуд.
Тадбирда Сока Гаккай ташкилоти, Сока университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Япония оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Маросимда Сока университети ҳудудида 2004 йилда ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Тадбирда Ўзбекистон ва Япониянинг давлат байроқлари ҳилпираб турди.
Маросимда Алишер Навоийнинг ижодий мероси Японияда катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан шоирнинг ижодий мероси ўзбек халқининг жаҳон маданияти хазинасига қўшган улкан ҳиссаси эканлиги айтилди.
Шундан сўнг "Алишер Навоийнинг маънавий меросини ҳозирги замон учун долзарблиги" мавзусида ўзбек-япон веб-форуми ташкил этилди. Тадбирда «Zoom» платформаси оркали Сока университети тадқиқотчилари билан бирга Самарқанд давлат университети ва Самарқанд чет тиллар институти раҳбарияти, олимлари ва талабалари ҳамда Японияда яшаётган ватандошлар вакиллари иштирок этди (веб-форумда жами 100 дан зиёд қатнашчи бўлди).
Веб-форум мобайнида буюк шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган қуйидаги тақдимот ва маърузалар тингланди: "Алишер Навоий - Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик кўприги", “Алишер Навоийнинг онаси ким бўлган”, "Алишер Навоийнинг маънавий мероси - Сока университети асосчиси Дайсаку Икеда нутқларида", "Алишер Навоий баркамол шахсни тарбиялашдаги шеъриятнинг ўрни тўғрисида".
21 кишидан иборат япониялик шеърият мухлислари ва Шарқ фалсафаси институти тадқиқотчиси Кензо Кавасакининг Алишер Навоийни ғазал ва рубоийларидан намуналарни ўзбек ва рус тилларида ифодали ўқиши барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир сўнггида А.Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган ушбу мулоқотни Сока университети яқин ҳамкорликда ўтказилиши ўзбек-япон маданий, илмий ва маърифий алоқаларини кенгайтириш бўйича амалий қадам бўлишига умид билдирди.
Сока университети ректори Йошихиса Баба:
“Бугун буюк давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан университетимизда унинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими ташкил қилинганидан бағоят ҳурсандман.
2015 йил Япония Бош вазири Синдзо Абенинг юртингизга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ўз нутқида Сока университетида Алишер Навоийнинг ҳайкали ўрнатилганлигини мамнуният билан таъкидлаган. Шу маънода ушбу ҳайкал иккала мамлакат дўстлиги рамзи сифатида шу ерда ўрнатилганлиги бизга катта қувонч бағишлайди”.
Сока университети кенгаши раиси Ясунори Таширо:
“Алишер Навоий таваллуд топганига 580 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Элчихонаси ташаббуси билан Сока университетида ўрнатилган буюк ўзбек шоири ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими ташкил қилинди.
Сока университети бундан 30 йил аввал Буюк ипак йўли тадқиқотини амалга ошириш мақсадида университетимизнинг профессори Като Кюдзо ва ўзбек олимлари билан ҳамкорликда Сурхандарёдаги Далварзинтепа ёдгорлигида узоқ йиллар давомида археологик тадқиқот олиб борган. Ушбу тадқиқот университетимизнинг Ўзбекистон билан илк ҳамкорлигининг бошланиши бўлган. Ҳозирги кунга қадар алоқалааримиз тобора ривожланиб бормоқда. 2004 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу ҳайкалнинг ўрнатилиши ҳамкорликнинг ривожланишига катта туртки бўлди. Университетимиз асосчиси Дайсаку Икеда чет эл делегациялари қабул қилганда Алишер Навоийнинг ғазалларидан мисоллар келтиради ва унинг фалсафий ўгитларини бизга ўргатиб келади. Бундан кейин ҳам биз буюк шоирнинг ҳозирги кунда ҳам катта аҳамиятга эга бўлган ўгитларини ёш авлодга етказишда давом этамиз. Ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам янада ривожланишига умид қиламан”.