2023 йил 28-29 март, Тошкент – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва “Ўзбекбаликсаноат” уюшмаси билан биргаликда кичик фермерлар ва билим тарқатиш хизматлари ходимларига мўлжалланган аквакультурани диверсификация қилиш бўйича минтақавий семинар ташкил қилди. Тошкентда бўлиб ўтган семинар ФАО – Туркия ҳамкорлик дастури (FTPP-II) доирасида ишлаб чиқилган “Марказий Осиё, Озарбайжон ва Туркияда балиқчилик хўжалиги ва аквакультурани барқарор бошқариш учун салоҳиятни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Аквакультурада турларни диверсификация қилиш соҳатни барқарор ривожлантириш учун яхши стратегиядир. Тадбир иштирокчиларга ўз мамлакатларида аквакультура маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилишдаги потенциал имкониятлар ва мавжуд тўсиқлар, шунингдек, давлат идоралари, тадқиқотчилар ва хусусий сектор томонидан қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган янги турларни жорий этиш йўллари ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконини берди. Семинарда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Мақсадли аудитория таркибига аквакультурани ривожлантириш сиёсатини режалаштириш ва ишлаб чиқиш, соҳада билимларни тарқатиш бўйича хизматларни бошқариш ва тақдим этиш билан шуғулланадиган давлат идоралари, шунингдек балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари, кичик фермерлар ва аквакультурани ривожлантириш соҳасида ишлайдиган тадқиқотчилар киришди.
Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Инновация, таълим ва фанни ривожлантириш бўлими бошлиғи Собир Мавлонов, ФАОнинг Балиқчилик ва аквакультура бўйича катта мутахассиси Ҳайдар Ферсой ва ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан лойиҳанинг миллий координатори Абдумалик Намозовлар кириш сўзлари билан тадбирни очиб беришди.
Собир Мавлонов таъкидлаганидек, балиқчилик саноати Ўзбекистонда озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг муҳим қисми бўлиб, мамлакат аҳолисини тўлақонли овқатланиш учун юқори сифатли оқсил билан таъминлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Шунингдек, у аквакультура қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратилишига ва шу орқали аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишини таъкидлади. Ҳайдар Ферсой барқарор ривожланиш учун аквакультурани диверсификация қилиш муҳимлигини таъкидлаб, иштирокчиларга FISHCap лойиҳасининг асосий мақсади балиқчилик ва аквакультура соҳасидаги илғор тажрибаларни бенефициар мамлакатлар ўртасида тарқатиш эканлигини қайд этди. Ўз навбатида, Абдумалик Намозов, FISHCap лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Абдумалик Намозовнинг кириш сўзидан сўнг Ўзбекистон Балиқчилик илмий-тадқиқот институти директори Абдулла Қурбонов сўзга чиқиб, ФАО фермерларнинг малакасини ошириш, билим ва тажрибаларини ўргатиш ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали Ўзбекистонда балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Шундан сўнг “Ўзбекбаликсаноат” уюшмаси раисининг ўринбосари Шуҳрат Раҳматов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.
Семинар давомида Европа ва Ўзбекистон вакилларининг амалий тадқиқотлари ва маърузалари, шунингдек, турларни диверсификация қилишнинг ҳозирги ҳолати бўйича маълумотларни ўз ичига олган мамлакат тақдимотлари ўтказилди. Таъкидланганидек, турларни диверсификация қилиш аквакультуранинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшса-да, мамлакатда янги турларни жорий этиш молиявий жиҳатдан қиммат ва техник жиҳатдан қийин бўлиши мумкин. Шу муносабат билан, аквакультуранинг янги турларини муваффақиятли жорий этиш истиқболларини баҳолашда давлат ва хусусий сектор ўзларининг мавжуд ривожланиш ресурсларини баҳолашлари муҳимдир. Минтақавий семинар тўғрисидаги ҳисобот ФАО FISHCap лойиҳасининг қатор нашрларида эълон қилинади.