Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати биносида расмий вакиллар иштирокида Moderna вакцинасини расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.
Аввал хабар берилганидек, мамлакатимизга АҚШ томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури доирасида ажратилган коронавирус инфекциясига қарши 3 миллион 60 доза Moderna вакцинаси келтирилди.
Moderna Америка Қўшма Штатларда қўлланилаётган 3 та вакцинадан биттаси ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун рухсат этилган бўлиб, экспертлар гуруҳи вакцинани 18 ёшдан ошган барча аҳоли учун тавсия қилмоқда.
– Биз COVID-19га қарши курашда кўрсатилган ёрдам учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев. – Вакцинация ниқоб тутиш ва ижтимоий масофани сақлаш ва қўллар гигиенаси каби барча эҳтиет чораларини кўриш билан бир қаторда пандемиядан қутилишнинг ягона йўлидир.
ЮНИСЕФ билан бошқа COVAX ҳамкорларининг G7 ва вакциналарга бой бўлган бошқа мамлакатларга қаратилган вакциналарни тақдим этишга чорловчи #DonateDosesNow саъй-ҳаракатлари паст ва ўрта даромадли мамлакатлардаги вакциналар танқислигини енгишга ҳамда касалликнинг янги тўлқинларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
– Бугун тақдим этилган вакциналар COVID-19нинг учинчи тўлқини билан курашаётган бутун дунё сингари Ўзбекистон халқи учун ўта муҳим, ўз вақтида етказилган ва ҳаётларни сақлаб қолувчидир, – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – АҚШ тақдим этган вакциналар COVAX механизмининг бир қисми бўлиб, пандемияни тугатишда вакциналарга тенг, ўз вақтида ва адолатли эга бўлишга қаратилган бирдамлик намунасидир.
Ҳозирда Америка Қўшма Штатлари COVID-19 вакциналаринг адолатли тақсимланишини таъминлайдиган COVAX дастурининг энг йирик доноридир. COVAX мақсадларига кўра, Ўзбекистонга бугун келтирилган вакциналар энг аввал эмланадиган аҳоли гуруҳлари учун ишлатилиб, аҳолининг 20 фоизини эмлашга эришишга ҳисса қўшади.
– Хавфсиз ва самарали вакциналарга адолатли равишда эга бўлиш бутун дунёда COVID-19ни тугатиш учун муҳимдир, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм. – Ҳаётларни сақлаб қолиш, жаҳон иқтисодиётни қайта қуриш ҳамда янги вариантлар таҳдидини тўхтатиш учун имкон қадар кўп инсонларни имкон қадар тез вакцинация қилишимиз шарт.
– ЖССТнинг фавқулодда ишлатиш учун тасдиқланган рўйхатига киритилан ва COVAX дастури доирасида тарқатилаётган вакциналар COVID-19 сабаб бўлган оғир касаллик ва касалхонага ётқизиш ҳолатларининг олдини олишда ўзининг хавфсизлиги ва самарадорлигини тасдиқлади. Улар ҳаётларни сақлаб қолади. Улар вируснинг турли штаммлари, жумладан Дельтадан ҳимоя қилмоқда. Бироқ пандемияга барҳам бериш учун навбатимиз келганида вакцинация қилдириш имкониятидан фойдаланишимиз зарур. Энди, АҚШ ёрдамида, яна 1,5 миллион Ўзбекистон фуқаролари ҳаётий муҳим вакцинага эга бўладилар, – дейди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг соғлиқни сақлаш стратегик масалалари бўйича маслаҳтчиси ва ваколатхона раҳбари вазифасини бажарувчиси Кристофер Фицпатрик.
Moderna COVID-19га қарши mRNA икки дозали вакцинадир. У фавқулодда катталар учун фойдаланишга 50дан ортиқ мамлакатлардаги соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан тасдиқланган ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда ишлатиш учун тасдиқланган рўйхатига киритилган.