Валюта курслари 10/01/2025
$1 – 12940.44
UZS – -0.17%
€1 – 13336.42
UZS – -0.31%
₽1 – 126.85
UZS – 2.56%
Қидириш
Технологиялар 10/01/2025 “Академик ҳаракатчанлик” дастурининг 2024 йилги ғолиб ёш олимлари аниқланди

“Академик ҳаракатчанлик” дастурининг 2024 йилги ғолиб ёш олимлари аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 222-сон қарорига асосан 2021 йилдан буён Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга вазирлик, идора ва ташкилотлар тизимидаги илмий ташкилот ва олий таълим муассасаларининг ноёб илмий объектлари, замонавий илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш мақсадида “Академик ҳаракатчанлик” дастури эълон қилиб келинмоқда.

 “Академик ҳаракатчанлик” дастури – ёш олимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етакчи илмий марказларда ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиши, илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳаларни амалга оширишни, шунингдек, тажриба алмашишни назарда тутувчи дастур.

2024 йил учун эълон қилинган танловга ёш олимлар томонидан 40 га яқин лойиҳа топширилди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан лойиҳалар илмий-тадқиқот ишининг мавзуси ва долзарблиги, объекти, предмети, мақсад ва вазифалари, кутилаётган илмий натижалар каби бир қатор талаблар асосида кўриб чиқилди. Танлов якунига кўра 13 лойиҳа ғолиб деб топилди. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун ёш олимларга тегишлилиги бўйича республикамиздаги жами 8 та илмий ташкилотнинг  замонавий лабораторияларидан 6 ойгача бепул фойдаланишлари учун умумий ҳисобда 734 млн сўмлик сертификатлар топширилди.

Ғолиб ёш олимларга лабораториялардан фойдаланишга шарт-шароитлар қабул қилувчи ташкилотларнинг илм-фан ва инновацияга масъул бўлган раҳбар ўринбосари томонидан яратилади. 

Ҳозирда республикада умумий ҳисобда 20 минг нафардан ортиқ ёш олим ва изланувчилар бўлиб, келгусида уларни “Академик ҳаракатчанлик” дастури орқали илм-фанга кенг жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш ва албатта илмий-инновацион фаолиятга йўналтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилда хам ушбу дастур бўйича танлов эълон қилиш режалаштирган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг