Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида "Ajlan & Bros" корпорацияси бош директори жаноб Nicholas Gilani бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун, "Ajlan & Bros" – тайёр тўқимачилик кийимлари ишлаб чиқариш соҳасида етакчи халқаро корпорация бўлиб, Саудия Арабистонида 1979 – йилда ташкил этилган. Умумий қиймати 2,2 млрд. доллар бўлган корпорация 10 дан ортиқ глобал бренд Ferrari, Maserati, Aston Martin, Puma, Nike, Adidas, Reebok билан ҳамкорлик қилади. Корпорацияда 9 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.
Учрашувда Ўзбекистонда бизнесни жорий этиш истиқболари, жумладан, хорижий сармоядорлар учун яратилган шарт – шароит ва имтиёзлар муҳокама қилинди. Хорижий компания вакиллари Республикамизнинг тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати соҳасидаги ютуқларини шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистонда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштираётганини маълум қилди.