Валюта курслари 19/03/2025
$1 – 12935.68
UZS – -0.06%
€1 – 14164.57
UZS – 0.4%
₽1 – 158.80
UZS – 3.32%
Қидириш
Иқтисод 18/03/2025 Аҳолига қўшимча қулайлик: ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлаш муддати узайтирилди

Аҳолига қўшимча қулайлик: ўзини ўзи банд қилган шахслар учун  ижтимоий солиқ тўлаш муддати узайтирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида юқори палатанинг 2024 йил 10 июлдаги тегишли Қарори билан ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Солиқ кодексининг 408-моддасида назарда тутилган шу тоифадаги шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ҳисобот йилининг 1 декабригача амалга оширилишига оид норма қайта кўриб чиқилди ва бу муддат 31 декабрга қадар этиб белгиланди.

Бу имтиёзлар “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топди.

Иш стажига эга бўлмоқчи бўлган ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ижтимоий солиқни тўлаш муддатининг 31 декабрга қадар узайтирилиши бир қатор қулайликларни яратади. Жумладан, ушбу тартиб асосида меҳнат билан банд шахслар базавий ҳисоблаш миқдорида 1 йилда 1 маротаба ижтимоий солиқни тўласа, 1 йиллик иш стажига эга бўлиши мумкин.

Танқидий-таҳлилий ўтган муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган айрим масалалар ҳанузгача ўз ечимини топмагани қайд этилди.  Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммаси белгиланган миқдордан кам тўланганда меҳнат стажини тўланган солиқ миқдорига мутаносиб равишда инобатга олиш ёки тўланган суммани солиқ тўловчига қайтаришнинг ҳуқуқий механизмларини жорий этиш ишлари якунига етказилмаган.

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли меҳнат стажига эга бўлмаган фуқароларга (оз муддат етмаганда, 6 ойдан 1 йилгача) ўзини ўзи банд қилиш орқали зарур меҳнат стажини инобатга олиш имкониятини яратиш масаласи ўз ечимини топмаган. Демак, бу каби муаммоларни ҳал этиш долзарблигича қолмоқда. Сенаторлар уларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини бердилар.

Масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг