Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 27/01/2023 Аҳоли сонининг ортиши ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига қандай таъсир кўрсатади?
Аҳоли сонининг ортиши ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига қандай таъсир кўрсатади?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистонда 2035-йилгача бўлган давр учун аҳоли сони прогнозларининг ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига таъсири ўрганилди.

 

Тадқиқот давомида қуйидагилар аниқланди:

2035-йилга бориб, мамлакат аҳолиси 45,6 миллион кишидан ошиши кутилмоқда.

2035-йилгача бўлган даврда ҳар йили ўрта ҳисобда 900-950 минг гўдак дунёга келади.

3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 90% га етиши кутилаяпти ва бунинг учун мактабгача таълим муассасаларида 1264 минг нафар бола учун янги ўринлар ташкил этиш зарур.

Прогнозларга кўра, 2035-йилга бориб, 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 9737,4 минг нафарни ташкил этади. Бу эса мактабларда қўшимча 8,2 миллион ўқувчи ўрнини яратишни талаб қилади.

2035-йилга бориб, амбулатор-поликлиникалар сонини 8450 бирликка (2022-йил бошида 6676 та) етказиш зарур.

2035-йилгача бўлган даврда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ҳар йили 5-5,3% га ошиши кутилмоқда.

Аҳоли ва умуман иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондириш учун 2030-йилгача энергия қувватини мавжуд даражага нисбатан камида 1,7 баробар ошириш талаб қилинади. 

Талабнинг тахминан 8-10 фоизини ташкил этадиган мавжуд тақчиллик тўлдирилиши билан ўсиб бораётган аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби 2035-йилгача бўлган даврда тахминан 6,2-6,5% ўсади.

Тадқиқот натижаларига кўра, қуйидагилар таклиф этилади: 

Давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларга лицензия ва бошқа рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари бюджет маблағларини тақсимлаш ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олиши зарур.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро ва маҳаллий иштирокчилар, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар

Ўзбекистонга сармоя киритиш борасидаги қарорларни қабул қилишда демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли талаб мавжуд эканига ишончи комил бўлиши мумкин.

Демографик юкнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда энергетика тизимларини бошқариш ва ривожлантириш борасида мутлақо янги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Бунда реал вазият ҳамда имкониятдан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатларнинг энергетика соҳасидаги интеграцион салоҳиятини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Миллий энергетика тизимини имкон қадар тезроқ ядро, водород ва бошқа муқобил «яшил» технологиялардан фойдаланишга асосланган янги технологик платформа параметрларига интеграциялашнинг долзарблиги ортиб бормоқда.

Узоқ муддатли истиқболда аҳолини ресурслар билан барқарор таъминлашнинг омили сифатида энергетика, сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни мувофиқлаштирилган ҳолда, босқичма-босқич ўтказиш тавсия этилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг