Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 13/12/2023 Аҳоли осойишталигини таъминлаш тизими кўздан кечирилди
Аҳоли осойишталигини таъминлаш тизими кўздан кечирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасининг Ягона тезкор бошқарув марказини бориб кўрди.

Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Замонавий ускуналар билан жиҳозланган мажмуа “Геоинформацион электрон харита” дастури асосида ишлайди. Унга  ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш, транспорт ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия, Солиқ қўмитаси каби идораларнинг 55 та электрон базаси интеграция қилинган. Тошкент шаҳридаги 10 мингдан ортиқ турар ва нотурар жойлардаги 7 минг 300 та видеокузатув камералари ҳам уланган.

Бу жамоат хавфсизлигига масъул куч ва воситаларни самарали бошқариш имконини бермоқда. Жумладан, кўча ва жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимлар онлайн кузатиб турилади ва вазиятга қараб йўналтирилади. Натижада ҳодиса жойига 3-5 дақиқада етиб борилади.

Булар “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла” мақсадларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлашда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, ўтган даврда пойтахтда содир қилинган 925 та жиноят тезкор фош этилган.

Ягона тезкор бошқарув марказида “Е-манзил”, “Шакл-1”, “Е-меҳмон”, “Кадастр” дастурларидан маълумот олиш ҳам йўлга қўйилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқиган ёшлар томонидан “Қалқон” номли тизим яратилган.

Буларнинг барчаси халқимиз осойишталигига масъул идораларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаб, маълумотларни яхлит дастурда қайта ишлаш, тезкор вазият ва криминоген ҳолатларни автоматик таҳлил қилиш, муаммоларни баҳолаш орқали тўғри қарорлар қабул қилиш имконини бераётир.

Президентимиз марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Бу тизимдан фойдаланиб, маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ишини ҳам рақамлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ва тезкорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг