Агентлик ва Осиё тараққиёт банки ўртасида инвестиция ҳамда савдо келишувларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ислоҳотлар агентлигида Агентлик директори Баходир Рахматов ва Осиё тараққиёт банки миссияси раҳбари Аннете Магнуссон ҳамда сиёсат бўйича эксперт Дорике Овердуин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар ўтган йилги ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилиб, ОТБ томонидан илгари сурилган минтақавий савдо келишувларини ва халқаро инвестиция шартномаларини мустаҳкамлашга қаратилган дастур доирасида кейинги қадамларни муҳокама қилдилар. Жумладан, инвестицион фаолиятни тартибга солиш ва ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида ОТБ вакиллари Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг халқаро инвестиция ва савдо келишувларини тузиш билан шуғулланувчи ходимлари учун Тошкентда 5 кунлик ўқув семинарини ташкил этишни таклиф қилдилар.
Томонлар инвестиция сиёсатини такомиллаштириш, мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш ҳамда ташқи савдо ва инвестиция жараёнларини тартибга солишда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.