Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 15/07/2016 “Адолат” СДПнинг V Пленуми бўлиб ўтди
“Адолат” СДПнинг V Пленуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 14-июль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг V Пленуми бўлиб ўтди. Пленумда партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари масъул ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Пленумни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров кириш сўзи билан очар экан, аввало шу кунларда халқимиз катта хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олишга тайёргарлик кўраётган энг улуғ ва энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги ҳамда уни жойларда кенг нишонлаш борасида партия ташкилотлари ва фаоллари томонидан ўтказилаётган тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди. Ушбу қутлуғ айём муносабати билан аҳоли орасида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, акциялар ва концерт дастурларида мустақилликнинг қадр-қимматини, истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ўзгаришларни, барча соҳаларда эришилган улкан натижалар, айниқса, мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, аҳолининг сиёсий фаоллиги ошиб, турмуш даражаси юксалиб бораётганини чуқур тушунтириш, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, уларни янги марралар сари руҳлантиришда партиянинг ҳар бир депутати ва фаоллари муносиб иштирок этиши зарурлигини қайд этди.

Шунингдек, Н.Умаров Пленум кун тартибидаги асосий масала “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастури ижроси тўғрисида” ахборот берди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг қарийб 21 йиллик фаолияти давомида мамлакатимиз сиёсий майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга, электорати ва аъзолари сафини кенгайтиришга, марказий ва ҳудудий партия ташкилотларининг моддий-техник базаси ҳамда кадрлар захирасини яхшилашга, сайловдан сайловга депутатлик корпусларини сон ва сифат жиҳатдан мустаҳкамлашга эришди.

Айни пайтда партия ўз электорати манфаатларини рўёбга чиқариш мақсадида Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастурини ҳаётга фаол татбиқ этиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ушбу амалий ҳаракатлар Дастури ижроси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, амалий ҳаракатлар Дастурининг “Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари – олий қадрият” йўналишида жойларда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида партиянинг марказий, ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан 500 дан зиёд ҳуқуқий тарғибот ва маърифий тадбирлар ўтказилиб, уларга 20 минг нафардан ортиқ фуқаро жалб этилди.

Қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартириш, қонунларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларга партиянинг позицион таклифларини киритишга эришилди.

Бундан ташқари, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун ижроси юзасидан жойлардаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши сессияларида 26 маротаба мансабдор шахсларнинг эшитувлари ташкил қилинди.

Шу билан бирга, 2015 йил декабрда партия фракцияси ташаббуси билан юборилган парламент сўрови бўйича илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг “Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида”ги масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Олий таълим муассасалари ва касб-хунар коллежлари битирувчиларининг қизиқиш ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда маълум соҳаларда касбга йўналтириш ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги битирувчиларга банк кредитларини олишда кўмаклашиш мақсадида ўтган даврда партия томонидан Булунғур, Пастдарғом, Поп, Учқўрғон, Зомин, Ғаллаорол, Арнасой, Шеробод, Олтинсой, Қумқўрғон, Риштон туманлари ва Қўқон шаҳрида Марказий банк, “Асака” АТБ, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Туронбанк” АТБ билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашда сиёсий партиялар ва тижорат банклари ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусида учрашувлар ўтказилиб, ўз бизнесини йўлга қўйишни истаган 300 нафарга яқин коллеж битирувчилари ҳамда хотин-қизларга қарийб 900 млн. сўм миқдорида имтиёзли банк кредитлари олишларига амалий ёрдам берилди.

Республика бўйича аҳоли фойдаланувида бўлган ички йўлларни янгилаш, таъмирлаш ва қайта таъмирлаш масаласини ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларига босқичма-босқич киритиб бориш мақсадида ишлаб чиқилган “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида ҳафтанинг ҳар жума кунлари партиянинг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуслари ҳамкорлигида “Йўлларни асрайлик” мавзусида жойларда давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида соҳага дахлдор масъул шахсларнинг эшитувлари ташкил этилмоқда ва сессиялар муҳокамасига масалалар киритилмоқда. Жумладан, ушбу соҳага доир масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга 167 та депутатлик сўровлари юборилган бўлса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига 19 та, сессияларга 11 та масалалар киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасида Самарқанд ва Андижон шаҳарларида ижтимоий сўровномалар, давра суҳбатлари ўтказилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан мактаблардаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, Халқ депутатлари Самарқанд ва Андижон шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилди ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кийиниш маданиятини юксалтириш, улар учун ягона мактаб формаси жорий қилиш, мактабларда тенглик ва адолатни таъминлаш йўналишларида, шунингдек, мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, мутасадди ташкилотларга кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Ушбу лойиҳа натижаларини республика миқёсида оммалаштириш мақсадида 2016 йилнинг май ойида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда видео-конференция ўтказилиб, келгусида республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида босқичма-босқич равишда ягона мактаб формасини жорий қилиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш ҳамда бу борадаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради “Адолат” СДП.

Пленумда партия амалий ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш борасидаги ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Келгусидаги режалар ижросини изчил ва тўлақонли бажариш, жойларда ўтказилаётган партиявий лойиҳалар доирасидаги тадбирларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Пленумда партия фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг