Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 21/06/2016 “Адолат” СДП журналистларни тақдирлади
“Адолат” СДП журналистларни тақдирлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 20-июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида партиянинг “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳаси доирасида “Жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий Кенгашлар матбуот котиблари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари устидан жамоатчилик назоратини ҳамда ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш юзасидан мутахассислар ва соҳа вакиллари билан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш, уларнинг таклиф-тавсияларини тинглаш, улардан партиянинг амалий ҳаракатлар дастури ва фракцияси иш режасида белгиланган чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этишда фойдаланишга қаратилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров таклиф этилган барча журналистларни касб байрами билан қутлар экан, партиянинг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка намоён этишда оммавий ахборот воситалари асосий ўрин эгаллашини, партия фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, унга таҳлилий назар ташлаш, барча бўғинлардаги энг сўнгги янгиликлардан аҳолини бохабар этишда журналистлар меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этиб ўтди.

Қайд этилганидек, оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган. Шу боисдан, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари тизимида уларнинг ролини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Агар 1991 йилда мамлакатимизда 395 та оммавий ахборот воситаси фаолият олиб борган бўлса, мустақиллик йилларида яратилган кенг шароитлар туфайли оммавий ахборот воситаларимизнинг сони ҳозирда 1400 дан зиёдни ташкил этмоқда. Бугун республикамизда ОАВ тўққизта тилда нашр этилади ва эфирга узатилади. Республикамизда айниқса, нодавлат ОАВ тез ривожланмоқда. Телеканал, радиоканаллардан ташқари веб-сайтлар ҳам ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Конституциясида матбуот ва сўз эркинлигини таъминловчи қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани ОАВ чинакам эркин фаолият юритишининг ҳуқуқий кафолати бўлиб, улар жамиятнинг янгиланиши жараёнида муҳим аҳамият касб этаётир.

Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган қарийб 10 та қонун ҳужжати қабул қилинди.

Давра суҳбатида оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тобора фаол иштирокчисига айланиб бораётганини эътироф этган ҳолда, партия бир қанча вазифаларни ўз олдига қўйгани, жумладан, сайловолди дастурни амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастурида устувор вазифалар ўрин олгани таъкидланди.

Хусусан, жорий йилдан бошлаб партиянинг “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳаси амалиётга татбиқ қилинмоқда. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад ОАВлар фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган қонунчиликни таҳлилий-танқидий ўрганган ҳолда уларнинг мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, фаолиятини кенгайтириш бўйича қонунларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий қилиш, ОАВнинг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашдаги, масс-медианинг жамият ва давлат ўртасидаги боғловчи бўғин сифатида фаолият кўрсатишидаги ролини янада ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш каби устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган.

Тадбир сўнггида 2015 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан таъсис этилган партия фаолиятини тарғиб қилувчи энг яхши журналистик материал учун “Куч — адолатда!” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Кўрик-танлов ташкилий комиссиясига партия фаолиятини фаол ёритиб келаётган 50 нафарга яқин ижодкорлардан жами 400 дан ортиқ материаллар келиб тушди.

Кўрик-танлов якунларига кўра телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишларида энг яхши журналистик материаллар ҳамда муаллифлари партиянинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, матбуотчилар байрами муносабати билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг матбуот котиблари профессионал фотоаппаратлар билан рағбатлантирилди. “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятининг энг фаол ижодий ва техник ходимларига партиянинг қимматбаҳо совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.

Байрамона руҳда ўтган тадбир журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий вазифаларининг амалдаги ифодаси бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг