Матбуот анжуманидан кўзланган асосий мақсад партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2016 йилдаги фаолияти таҳлили ҳамда мамлакат тараққиётининг янги босқичида партия олдида турган устувор вазифалар ҳақида батафсил ахборот тақдим этиш ҳамда бу борада журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришга қаратилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов тадбирни очар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириб боришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг янги босқичида сиёсий партияларнинг зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланаётганига иштирокчилар эътиборини қаратди.
А.Рахмонов партия сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар Дастури асосида ўтган йилда партия ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, аҳолининг сиёсий партияга ишончи қанчалик ошиб бораётгани унинг ғоя ва мафкураси нечоғлик ҳаётийлиги, халқчиллиги ҳамда унинг ортидан сайловчиларнинг эргашиши, партия аъзолари сафининг ўсиб бориш суръатлари билан ўлчанади. Шу маънода 2016 йил давомида партия аъзолари сони Республика бўйича 41 708 нафарга ўсиб, умумий 157 222 нафарга етди. Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари сони республика бўйича 655 тага ўсиб, умумий 4033 тага етди. Ҳисобот даврида партия сафларидаги аёллар сони 78 670 нафардан, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 68 145 нафардан ошганлигини кузатиш мумкин.
Партия дастурий ҳужжатларида белгиланган қатор халқчил ғоялар ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топиб бораётгани 2016 йил якунлари мисолида намоён бўлди.
Жумладан, партия Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққий этишида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, қолаверса, ҳар ишда адолат мезонига амал қилиш, жамиятда қонун устуворлигига эришиш, коррупция ва бюрократизмга қарши курашиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликка эришиш мақсадида “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. Ушбу тадбирлар қанчалик ҳаётий ва зарурлигини вақтнинг ўзи кўрсатди ва мазкур қонунлар лойиҳалари 2016 йилда парламент томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Бундан ташқари, дастурий ғоялар тарғиботи, электорат манфаатлари ҳамда долзарб аҳамиятга эга мавзулардаги тадбирлар кўпайганлигини кузатиш мумкин. Ушбу жараёнда партия сафидаги аёллар ва ёшларнинг фаоллиги ўсганлиги, айниқса муҳимдир.
Шунингдек, ҳисобот даврида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳалари доирасида республикамизнинг барча вилоят ва шаҳарларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар, акциялар ташкил этилди. Бундай учрашувларда “Адолат” СДП аъзоларининг асосий қатлами ҳисобланган тиббиёт ҳамда таълим соҳасида фаолият юритаётган партия фаолларининг кенг иштироки кузатилди.
Ўтган йилда Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлаш, партиянинг ёшлар сиёсатига доир ғояларини рўёбга чиқариш, умумтаълим мактаблардаги ички тартиб қоидаларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, таълим муассасаларида мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйиш ҳамда мактаб ҳаётида жамоатчилик ўрни ва роли самарадорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Таълим муассаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди ва натижаси Халқ таълими вазирлиги билан ўтказилган республика видеоконференциясида муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Ўтган йилда “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида маҳаллалардаги ички йўлларнинг ҳолати юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масаласига барча ҳудудий партия ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада жойларда “Йўлларни асрайлик” мавзусида 600 га яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилган бўлса, жойлардаги носоз ички йўлларни таъмирлаш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан маҳаллий ҳокимлик ва тегишли идораларнинг мансабдор шахсларига 200 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди. Ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибига таклифлар киритилди. Бунинг натижасида республика миқёсидаги 150 га яқин маҳаллаларнинг ички йўлларида таъмирлаш ишлари олиб борилди, ноқонуний ўрнатилган тўсиқлар бартараф этилиб, пиёдалар йўлакчалари тартибга келтирилди. Яна 30 дан ортиқ туман, шаҳарлардаги маҳаллий йўлларни таъмирлаш ишлари 2017 йилга мўлжалланган ҳудудий дастурларга киритилиб, ижроси назоратга олинди.
2016 йилда партия Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва тижорат банклари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ёшлар ва хотин-қизлар учун банк хизматларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида ҳудудий семинарлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар доирасида 30 нафар коллеж битирувчиси ва 20 нафарга яқин хотин-қизларга жами 250 миллион сўмлик имтиёзли банк кредитлари берувчи сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини шакллантириш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида пойтахтимиздаги Ёшлар ижодиёти саройида республика фотокўргазмаси ўтказилган бўлса, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида республика “Иншолар танлови” ташкил этилди. Иншолар танловига тақдим этилган ёшларнинг ватанпарварлик руҳидаги энг сара ижодий ишлари “Истиқлол шукуҳи” номли тўпламда чоп этилди. Энг муҳими, мазкур тадбирлар, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, 2016 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз номзоди билан иштирок этганлиги ва бу орқали яна бир бор электорат манфаатларини ифода этиш ҳамда мамлакат сиёсий майдонидаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлганлиги айтиб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймонов журналистларга парламент ва маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик корпусининг 2016 йилдаги фаолияти юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 40 дан ортиқ йиғилиши ўтказилиб, уларда 68 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун ижодкорлиги фаолиятида фракция аъзолари 26 та қонун лойиҳалари бўйича масъул бўлган ҳолда бошқа депутатлар билан биргаликда 7 та қонун лойиҳаси бўйича ташаббус билан чиқишди.
Ўтган йилда партия фракцияси назорат-таҳлил фаолиятида асосий эътиборни парламент назорати орқали ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қабул қилинган қонунлар ижросини давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан сўзсиз ва тўлиқ бажарилиши таъминланишига қаратди.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Икрамовнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ахбороти эшитилди. Парламент эшитувида Давлат дастурини амалга ошириш натижасида эришилган ютуқлар, ижобий кўрсаткичлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори орқали мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар, тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси қонунларни муҳокама қилиш жараёнида парламентдаги Демократик кучлар блокига нисбатан мухолифат сифатида берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Хусусан, 2016 йилда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг ўз қараши ва ёндашуви мавжуд бўлганлиги боис ушбу қонуннинг муқобил таҳрири тайёрланиб, Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди.
Бундан ташқари, фракция ҳисобот йилида бир қатор қонун лойиҳалари бўйича ўз позициясидан келиб чиққан ҳолда алоҳида таклифлар киритди. Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Бухгалтерия ҳисоботи тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ва “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари юзасидан ҳам фракциянинг алоҳида муносабатлари билдирилди.
2016 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан 16 та масала киритилиб, доимий комиссиялар мажлисларида 39 та таклиф кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича қарорлар қабул қилинган. Сессияларда 24 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Партия депутатлари томонидан турли масалалар юзасидан 813 та депутатлик сўровлари юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган йил мобайнида етарлича фойдаланилмаган имкониятлар ҳамда йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам санаб ўтилди. Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари ҳамда жойлардаги барча тузилмалари томонидан 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бажариладиган ишлар режаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги тузилмалари томонидан асосий эътибор фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолининг орасига янада чуқурроқ кириб бориш ҳамда жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топишга қаратилмоқда. Айни шу мақсадда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида “Адолат” қабулхоналари жорий этилди. Қолаверса, партия веб-сайтида виртуал қабулхона ҳам иш бошлади.
Шу билан бирга, партиянинг ижтимоий лойиҳаларини кенг жорий қилиш, амалий саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш, қабул қилинажак “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросига партиянинг барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч, имкониятларини сафар қилиш белгилангани айтиб ўтилди.
Матбуот анжумани сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
“Адолат” СДП матбуот хизмати