Валюта курслари 24/09/2024
$1 – 12747.29
UZS – 0.14%
€1 – 14158.42
UZS – -0.35%
₽1 – 137.27
UZS – -0.14%
Қидириш
Ўзбекистон 01/02/2017 “Адолат” партияси “Эҳтиром ва эъзоз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказди
“Адолат” партияси “Эҳтиром ва эъзоз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 31 январь куни Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд топган куни муносабати билан “Эҳтиром ва эъзоз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари, университет раҳбарияти, префессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар мустақиллигимиз меъмори, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг сермазмун ҳаёти ва фаолиятининг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритишди.

Эътироф этилганидек, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Қарорда юртимизнинг бир қанча диққатга сазовор жойларига Буюк Йўлбошчимизнинг номини бериш, Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида у кишининг ҳайкалини ўрнатиш белгилаб қўйилган.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати фаоллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутаталари Ислом Каримовнинг мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги оқилона сиёсати, бутун дунёга машҳур тараққиётнинг “ўзбек модели” асосчиси сифатида айниқса, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва кучли ижтимоий сиёсат тамойилининг ҳаётимизда қарор топтириш йўлидаги улкан ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Эътироф этилганидек, Биринчи Президентимиз мамлакатимизни мустақил, деб эълон қилган биринчи маърузасидаёқ Ўзбекистоннинг бундан кейинги сиёсати инсонпарварлик ва эзгулик тамойилларига асосланишини аниқ-равшан белгилаб берган.

Истиқлол йилларида Буюк йўлбошчимиз ташаббуси билан соҳибқирон Амир Темурнинг “Куч – адолатда”, деган ҳикмати бизга ўзининг бутун мазмун-моҳиятини кенг очди. Юртбошимиз бу пурмаъно нақлни янада ривожлантириб, “Адолат – қонун устуворлигида”, деб таъкидлар экан, худди шу ҳаётий тамойилга қатъий амал қилиб яшашимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Аслида ҳам шундай. Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳам аслида ҳар бир фуқаронинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланиши, яъни адолатнинг қарор топиши демакдир.

Мустақиллигимиз меъморининг “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, “Айнан қонун адолат манбаи ва мезонидир”, “Халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” каби ҳаётий фикрларига ҳамоҳанг равишда бугунги кунда амалга ошираётган туб ислоҳотларимизнинг мазмун-моҳиятига адолат, ватанпарварлик ва юксак инсонпарварлик тамойиллари сингдирилганлигини янада теран англамоқдамиз.

Тадбирда Ислом Каримовнинг шонли ҳаёт йўли ва фаолиятини акс эттирган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Ташкилотчилар томонидан тайёрланган дастур тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг