Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.
Эътироф этилганидек, ҳукуматимизнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши видеоконференц-алоқа шаклида, барча ҳудудий бирликларидаги давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокини қамраган ҳолда, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида, танқидий руҳда ўтказилди. Унда барча соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад - инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда қонун устуворлиги, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик масалаларини бош мезонга айлантиришдан иборат бўлди. Энг муҳими, мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизни янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар оддий усулда, халқчил тилда қайд этилиб, жамиятдаги мавжуд муаммоларга жиддий эътибор қаратилди ва уларни бартараф этиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Президентимиз танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар — бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши кераклигига алоҳида урғу берди. Чиндан ҳам, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлашдек олижаноб мақсадни рўёбга чиқариш, ушбу жараёнда дуч келинаётган камчиликлардан кўз юммай, уларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ва амалга ошириш бугун ҳар бир раҳбар шахс олдидаги асосий вазифа бўлмоғи шарт.
Тадбирда сўзга чиққан партия депутатлари ва фаоллари Президентимиз томонидан тилга олинган очиқ, конструктив, аниқ рақам ва далилларга асосланган танқидий мулоҳазалар, 2017 йил ва ундан кейинги йилларда мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган, чуқур ўйланган устувор вазифалар нафақат давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари балки фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар фаоллари ва депутатлари, қолаверса, ҳар бир фуқарони ўз вазифасига сидқидилдан, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашишга чорлаганлигини таъкидладилар.
Шу билан бирга, ушбу маъруза ўз мазмун-моҳияти ва қамрови билан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча ислоҳотларда очиқлик ва ошкораликка эришиш, қонун устуворлиги, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш каби дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос эканлиги қайд этилди.
Тадбирда Президентимиз маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг депутатлик корпуси олдида турган асосий йўналишлар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Қайд этилганидек, партиянинг марказий ва ҳудудий ташкилотлари дастурий мақсадлар ва электорат манфаатларига таянган ҳолда айниқса, ижтимоий соҳадаги вазифаларнинг ижросида бевосита ва билвосита иштирок этиши, аҳоли билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий қилиши, партиянинг ҳар бир фаоли ўз фаолиятини жиддий қайта кўриб чиқиши ва масъулиятини янада кучайтириши лозим.
Аҳолининг барча ижтимоий қатламлари сифатли тиббий хизматдан фойдаланишининг аҳволи, скрининг ва перинатал марказлари, гинекология ва патронаж хизматларининг бугунги ҳолатини таҳлил этиш мақсадида соғлиқни сақлаш бошқармалари мансабдор шахсларининг эшитувини ташкил қилиш маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳларининг эътибор марказида бўлмоғи зарур. Шу билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашлар сессияси кун тартибига аҳолининг арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминланиш ҳолатини ўрганиш масаласини олиб чиқиш бугунги кун талаби ҳисобланади.
Қолаверса, партия депутатлик корпусининг биргаликдаги ҳаракатини таъминлаш, яъни Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлардаги партия депутатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, маърузада белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш талаб этилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан эса қонун ижодкорлиги фаолиятига доир устувор йўналишларга, асосан халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш биринчи галдаги вазифа саналади.
Айниқса, парламент назорати доирасида илм-фан ва таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишдаги камчиликлар, тиббиёт соҳасидаги, аҳолига сифатли дори воситаларини етказиб беришдаги муаммолар, пластик карточкалардан фойдаланиш ва «Электрон ҳукумат» тизими самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган омилларни ҳисобга олиш даркор.
Халқ билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, жойларга чиқиб, ҳудудларни ўрганиш асносида аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва жойида бартараф этилишига эришиш, ижро ҳокимияти томонидан қонунлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминланишига эътибор қаратиш ҳам парламентдаги партия депутатларининг асосий вазифаларидандир.
Қизғин фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишидаги Президентимиз Ш.Мирзиёвнинг маърузасидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган асосий вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5 январь куни соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати ва истиқболларига бағишланган йиғилишда ушбу тизимдаги мавжуд аҳвол рўйирост баён этилганлигига эътибор қаратдилар. Қайд этилдики, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш, уларни олий маълумотли кадрлар ҳамда энг илғор ускуналар, дори воситалари билан таъминлаш, тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмасида тартиб ўрнатиш, қолаверса, дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга барҳам бериш каби йўналишларда ислоҳотлар самарадорлигини кафолатлайди.
Йиғилишда ушбу устувор вазифаларни бажаришда, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижросида ҳеч қандай сусткашлик ва кўзбўямачиликка йўл қўйилмаслиги учун “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари ҳам янада жонбозлик, фидойилик кўрсатмоғи лозимлиги қайд этилди. Тегишли қонунлар, Давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан парламент назоратини олиб бориш баробарида, жойларда фуқаролар билан доимийлик ва очиқликка асосланган мулоқотларни ташкил этиш, шу аснода уларнинг соғлиқни сақлаш тизимида қилинаётган саъй-ҳаракатларга доир фикр-мулоҳазаларини, таклифларини ўрганиш ҳамда уларни қонун ижодкорлиги жараёнида инобатга олиш депутатлар фаолиятининг негизи ҳисобланади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаро қабул қилинаётган қарорлар реал фойда бераётганини сезиши керак.
Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2017 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.