Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзодини маъқуллади.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини илгари сургани хабар қилинганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдулла Ариповнинг Бош вазир лавозимига номзодини кўриб чиқди.
Номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этди.
Номзод ва таклиф этилаётган дастур юзасидан фраксия раҳбарлари ва депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Дастур ва номзодлик муҳокамасидан сўнг Абдулла Ариповни Бош вазир лавозимига тасдиқлаш масаласи овозга қўйилди.
Яширин овоз бериш натижасида депутатлар Абдулла Ариповнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодини маъқулладилар.