Бўлиб ўтган суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон кун тарибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди ва ўзаро муносабатлардаги янги динамика ва ижобий тендентсияларни таъкидлаб ўтди. 2017 йил натижаларига кўра икки томонлама савдо ҳажми 323,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу беш йил аввалги кўрсаткичдан деярли икки баробар кўп.
Вазирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик борасида фикр алмашиб, унинг ижобий якунланишидан иккала томон ҳам манфаатдор эканлигини тасдиқлаб ўтишди.
Учрашувда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия, Терроризмга қарши курашиш бўйича қўшма ишчи гуруҳи мажлисларини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Ҳиндистон ТИВ раҳбари Ўзбекистонни 2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг натижалари билан табриклади ва Ҳиндистон томонининг якуний Тошкент декларациясини амалга оширишга ижобий ҳисса қўшишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари шу куни ишни бошлаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисларининг кун тартибини муҳокама қилишди. Айтиш жоизки Ҳиндистон делегацияси ШҲТ ТИВК таркибида биринчи маротаба тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қатнашаяпти.