Аббосбек Файзуллаев «Башакшехир» жамоасига ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев расман Туркиянинг «Истанбул Башакшехир» клуби аъзоси бўлди. У Москвадаги ЦСКА жамоасидан ушбу клубга ўтди.
Унинг трансфери учун тўланган сумма 7,5 миллион еврони ташкил этди — бу 21 ёшли футболчининг профессионал фаолиятидаги энг йирик ўтиш ҳисобланади. ЦСКА клуби ушбу миқдорни тўлиқ равишда, бир йўла қабул қилиб олишини тасдиқлади.
2024/25 йилги мавсумда Файзуллаев армиячилар сафида 27 та ўйинда қатнашиб, 2 та гол ва 4 та голли пас муаллифи бўлди.
У жамоа билан бирга Россия Кубогини қўлга киритди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор баҳоси 8 миллион еврога етган.
Файзуллаев 2023 йил ёзида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасидан 500 минг еврога ЦСКА сафига қўшилган эди. Шундай қилиб, Москва клуби бор-йўғи бир мавсум ичида ўз сармоясидан 15 баравар даромад олди.
«Башакшехир» сафида ўзбекистонлик футболчи яна бир юртдоши — Эльдор Шомуродов билан бир жамоада ҳаракат қилади. Эслатиб ўтамиз, Шомуродов Туркия клуби томонидан Италиянинг «Рома» жамоасидан ижарага олинган. Энди «Истанбул» клуби сафида Ўзбекистон миллий жамоасининг икки нафар аъзоси тўп сурмоқда.