Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкентда байрамона мушакбозлик ўтказилиши режалаштирилган.
Пойтахтимиз осмони узра фейрверк соат 21:00да Халқлар дўстлиги майдонида ёғду сочади.
Ушбу шоу уруш қатнашчилари ва фахрийларнинг юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида қилган улуғ хизматини шарафлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Бу билан ёшлар онгига 9 май – Хотира ва қадрлаш кунининг аҳамиятини сингдириш, ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилиши, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини тушунтириш ва тарғиб этиш кўзда тутилган.
Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.
Ўзбекистон осмони узра фақат байрам салютлари порласин, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни халқимизга, уруш қатнашчилари ва фахрийларга муборак бўлсин!
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.