Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 27/07/2016 600 та корхона ўз маҳсулотларини экспорт қила бошлади
600 та корхона ўз маҳсулотларини экспорт қила бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган қарийб 600 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан чоп этилган маълумотномада хабар берилади.

208 турдаги янги маҳсулот экспортга етказиб берилди. Янги экспорт бозорлари сони 44 тага кўпайди.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Африка Республикасига енгил автомобиллар, Буюк Британияга куч агрегатлари, двигателлар таркибий қисмлари, Латвияга ғилдирак дисклари, Жанубий Кореяга автогенераторлар, Японияга виноматериаллар, АҚШ ва Исроилга вино-ароқ маҳсулотлари, ХХР, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистонга полиэтилен ва полипропилен, Швеция, Руминия, Болгария, Туркия, Индонезия, Молдова, Озарбайжонга минерал ўғитлар, Нидерландияга металл молибдени ва рений, Ҳиндистон ва Эронга металл рухи, Беларусга спорт пойабзаллари, Польша ва Жанубий Кореяга чарм буюмлари ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди.

Ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан полиэтилен (18,8 баробар), молибден маҳсулотлари (2,5 баробар), супрефос (1,9 баробар), аммоний сульфати (1,3 баробар), юк автомобиллари (1,3 баробар), қора металл прокати (1,3 баробар), трикотаж полотно (2,2 баробар), пахтадан тайёрланган матолар (1,4 баробар) ва бошқа юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспортга етказиб бериш ҳажми ошди.

Мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши, жумладан, “Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилгани натижасида жорий йил биринчи ярмида 354 минг тоннадан зиёд ёки 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баробар кўп ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, жумладан, 270 минг тонна сабзавот, 130 минг тоннадан ортиқ мева ва узум, 1,3 минг тонна полиз маҳсулотлари экспортга етказиб берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг