Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳри, Андижон ва Наманган вилоятларидаги йирик савдогар ва тадбиркорларнинг жуда кўп миқдордаги хорижий валюталарини айланма йўллар орқали Қирғиз Республикасига ўтказиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Андижон шаҳрида яшовчи, 1998 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар шахс жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида жуда кўп миқдордаги чет эл валюталарини қабул қилиб олиб, уларни жиноий шерикларига етказиш учун Фарғона вилояти томон йўл олишади.
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ҳудудида улар ушбу хорижий валюталарни Қирғиз Республикасига божхона назоратини четлаб, ўтказиши керак бўлган, Қувасой шаҳрида яшовчи, 1999 й.т. фуқаро билан учрашган вақтларида Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Улар ҳаракатланиб келган «Спарк» русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина салонида 4 дона қора рангли полиэтилен пакетларга ўралиб, скотч билан маҳкамланган жами 590.945 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳ етакчиси бўлган Қувасой шаҳрида яшовчи, 1981 й.т. шахс ҳам қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,182-моддасининг 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Натижада, жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди томонидан ушбу шахсларнинг 2 нафарига нисбатан 5 йил, қолган 2 нафарига нисбатан эса 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган 590.945 АҚШ доллари ва «Спарк»
русумли автомашина давлат эгалигига ўтказилди.